Саратовда автоҳалокатга учраган ўзбекларнинг 6 нафари касалхонага ётқизилди (ВИДЕО)

Россия йўлларида автобуслар ҳалокати тез-тез юз бериб туради.

Саратовда Петербургдан Тошкентга кетаётган 20 нафардан кўпроқ ўзбекистонлик йўловчи бўлган автобуснинг ағдарилиши оқибатида 16 киши жароҳатланди. Автобус Саратов-Тамбов йўналишидаги Садовка қишлоғи яқинида якшанба куни Москва вақти билан соат 8дан 20 дақиқа ўтганида ағдарилиб кетган.

Саратов вилоят саломатликни сақлаш вазирлигининг билдиришича, автобус ағдарилиши оқибатида жабрланган ўзбекистонликларнинг 6 нафари касалхонага ётқизилган, қолган 10 одам енгил тан жароҳатлари олган.

Маҳаллий телеканал тарқатган видеолавҳада ўндан ортиқ тез ёрдам машиналарига шифокорлар ва қутқарувчилар жароҳатланганларни солаётгани ва шифокорларнинг ўзаро гап-сўзларини эшитиш мумкин.

Шифокорлардан бири ўзи текшираётган ўзбекистонликнинг бир неча жойи синганини айтиб, санитарларни ёрдамга чақираётганини ҳам кўриш мумкин.

-Тезроқ келинглар, бу ердагининг ҳамма ёғи синиб ётибди, -дейди видеодаги врачлардан бири.

Ҳалокатга учраган автобусда, айрим маълумотларга қараганда 24 нафар, бошқа маълумотларда эса 28 нафар одам бўлган. Саратов вилоят қутқарув хизмати расмийси Сергей Дмитриев маҳаллий матбуотга берган интервьюсида, автобусда 28 одам бўлганини таъкидлади.

-Автобусда 28 одам кетаётган бўлган. Автобус ағдарилганидан кўп ўтмай бу ерга тез ёрдам ва фавқулодда вазиятлар вазирлиги қутқарувчилари келиб, жабрланганларга малакали тиббий ёрдам кўрсатди. Жароҳати жиддий бўлган уч одам Саратов касалхонасига, қолганлари эса Октябрск ва Татишчево шаҳарчалари касалхонасига ётқизилди, -деб маълумот берган Сергей Дмитриев.

Дастлабки текширув натижаларига қараганда, “Ютон” русумидаги автобусни 23 ёшли Хурсанд исмли йигит бошқарган. Санкт-Петербургдан Тошкентга кетаётган автобус Саратов-Тамбов трассасида катта тезликда келаётиб авария бўлган. Қор босган трассада ҳайдовчи бошқарувини қўлдан чиқариб юборгани ва бунинг оқибатида автобус йўлдан чиқиб кетиб ағдарилган.

Саратовдаги “Сўғдиёна” ўзбек маданий маркази президенти Рустам Мансуров автоҳалокатга учрган автобус йўловчилари маҳаллий ўзбекларнинг хонадонларига жойлаштирилганини айтди. Рустам Мансуровга кўра, ҳалокатга учраган ўзбекистонликлар пулсиз қолган.

-Биз Санкт-Петербургдаги ўзбеклар билан гаплашдик. Улар ҳам бизга ёрдам кўрсатадиган бўлишди. Ҳалокатга учраган ўзбекистонликлар Петербургдан Саратовгача бир ҳафта йўл юришган. Улар ҳозир пулсиз қолишди, лекин уларнинг бу ердаги ҳаражатларини ўзимиз кўтарамиз. Петербургда автобус эгасини топишади ва у пулларни қайтариб беради, деб умид қилаяпмиз, -деди Рустам Мансуров.

“Сўғдиёна” ўзбек маданий маркази президенти Озодлик мухбирига мазкур масала юзасидан Саратов вилоят ҳокимиятида ўтадиган йиғилишга шошаётгани сабабли воқеа тафсилотларига тўлароқ тўхталиш имконияти йўқлигини айтиб, узр сўради.

Бундан аввал 2016 йил 22 мартида Россиянинг Пенза вилоятида юз берган автоҳалокат натижасида Ўзбекистоннинг 11 ватандоши жароҳатланган эди.

Пенза-Тамбов йўлида кетаётган микроавтобусда ўзбекистонлик 18 нафар меҳнат муҳожири бўлган. Загоскино қишлоғида микроавтобус DAF юк машинаси билан тўқнашиб кетган. Бунинг оқибатида жароҳатланган 11 ўзбекистонликдан 10 нафари каксалхонага ётқизилганди.