Таниқли актёр Матёқуб Матчонов амнистия қарори асосида озод этилди

Матёқуб Матчонов 4 июлда ҳибсга олинган эди

31 октябрь куни тушликдан кейин таниқли актёр Матёқуб Матчонов, Ўзбекистон президенти вазифасини бажарувчи Шавкат Мирзиёевнинг амнистия тўғрисидаги қарорига мувофиқ, суд залидан озод қилинди.

Бу ҳақда Озодликка суд ишида қатнашган актёрнинг яқинлари маълум қилди.

Озодликка етиб келган фотосуратларда суд залидан озод қилинган Матёқуб Матчоновнинг яқинлари даврасида турганини кўриш мумкин.

Ўзбекистонда xизмат кўрсатган артист Матёқуб Матчонов 4 июлда МХХ ходимлари томонидан ҳибсга олинган эди.

60 ёшли Матчонов Ўзбекистон Жиноят кодексининг 189-моддаси (Савдо ёки хизмат кўрсатиш қоидаларини бузиш), 184-моддаси (Солиқлар ёки бошқа мажбурий тўловларни тўлашдан бўйин товлаш), 186-моддаси (Хавфсизлик талабларига жавоб бермайдиган товарларни ўтказиш мақсадини кўзлаб ишлаб чиқариш, сақлаш, ташиш ёхуд ўтказиш, ишлар бажариш ёки хизматлар кўрсатиш), 243-моддаси (Жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштириш) бўйича айбланганди.

Актёр ҳибсга олинган пайтда унинг наркотик моддалар савдосига алоқадорлиги ҳақидаги гап-сўзлар пайдо бўлганди.

Бироқ, Озодлик қўлга киритган тергов хулосасида наркотикка алоқадор бирорта ҳам айблов йўқлигини кўриш мумкин.

Тергов ишидан хабардор Озодлик манбаларига кўра, Матчонов ва унинг шериклари аниқланган 180 миллион сўм камомадни давлатга қайтарганлар.

Ҳозирга қадар Жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар суди таниқли актёр устидан маҳкама жараёнини икки марта қолдирди.

Яқинларига кўра, актёр маҳкама жараёнида ўзига қўйилган айбловларни рад этган.

12 октябрда Ўзбекистон Олий Мажлиси Сенати Шавкат Мирзиёев томонидан тақдим этилган амнистия тўғрисидаги қарор лойиҳасини кўриб чиқиб, Амнистия тўғрисида қарорни қабул қилганди.

Шавкат Мирзиёев Амнистия тўғрисидаги тақдимномани Сенатга киритгани Сенат Кенгашининг 10 октябрь куни ўтган мажлисида маълум қилинган эди.

2016 йилги амнистия тўғрисидаги қарор Ўзбекистон Конституциясининг 24 йиллиги муносабати билан қабул қилинди.

Матёқуб Матчонов кинода яратган кўплаб роллари билан ўзбекистонликларга яхши таниш

Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Матёқуб Матчонов 1980 йиллар ўрталаридан ўзбек театр ва кино мухлисларига яхши таниш.

У "Шайтанат", "Темир эркак", "Суғдиёна", "Улфатлар", "Дада", "Арзанда", "Хизмат доирасидан ташқарида ", "Сотқин" каби фильмлардаги роллари билан киномухслар орасида шуҳрат топган.

Уч фарзанднинг отаси Матёқуб Матчонов 2011 йили “Дўстлик” ордени билан тақдирланган.