Microsoft Corporation ширкати АҚШ сиёсий институтларига ҳужум уюштиришда гумонланаётган россиялик ҳакерлар гуруҳи Windows дастуридаги заифликдан фойдаланаётганини билдирди.
Ширкат сайтида 1 ноябрь куни эълон қилинган билдирувда Strontium ҳамда Fancy Bear ёки “APT 28” ўлароқ маълум бўлган ҳакерлар гуруҳи электрон почталари ёрдамида фишинг қилиш орқали оз сонли ҳужумни амалга оширгани айтилади.
Аввалроқ Вашингтон Москвани келаётган президентлик сайловини издан чиқариш учун кенг кўламли ҳакерлик ҳужумларини амалга оширишда айблаган.
Ўтган ойда АҚШ ҳукумати Россия ҳукуматини Демократлар партияси электрон мактубларини ноқонуний равишда қўлга киритишда ҳамда уларнинг WikiLeaks сайтида чоп этилишида расмий равишда айблади. Россия эса бу айбловларни рад этиб келади.
Microsoft аниқланган заифликни тузатувчи код 8 ноябрь, яъни сайлов куни эълон қилинишини билдирди.
Россияликларнинг онлайн ҳаракатлари бўйича америкалик мутахассис Rueters агентлиги билан суҳбатда бу ҳакерлар Россия армиясининг разведка агентлиги бўлмиш ГРУга ишлашини билдирди. АҚШ разведкаси хизматчилари Демократлар партияси электрон мактубларининг фош қилиниши ортида айнан шу гуруҳ турганини аниқлаган.