АҚШ ўзбек расмийларини 23 йилдан буён панжара ортида қолаётган ва яқинда қамоқ муддати яна 3 йилга узайтирилган мухолифатчи Самандар Қўқоновни муддатидан олдин озод қилишга чақирди. Бу ҳақда Reuters агентлиги юқори лавозимли америкалик дипломат сўзларига таянган ҳолда хабар тарқатди.
Шу кунда ёши 72 га етган собиқ депутат Самандар Қўқонов давлат мулкини талон-тарож қилганликда айбланиб, 1993 йил ёзида ҳибсга олинган ва МХХ ертўласида бир ярим йил сақланганидан сўнг 20 йилга озодликдан маҳрум этилган, 2014 йили унинг жазо муддати яна икки йилга узайтирилган.
Ҳуқуқ фаоллари Қўқоновни мустақил Ўзбекистон тарихида қамоқда энг узоқ вақт қолаётган сиёсий маҳкум, деб биладилар.
АҚШ Давлат котибининг Жанубий ва Марказий Осиё ишлари бўйича ёрдамчиси Ниша Бисвал Қўшма Штатлар Самандар Қўқоновни озод қилишга чақирганини тасдиқлади.
Ўзбекистон Олий кенгаши депутати¸ Чиноз нефтни қайта ишлаш корхонаси собиқ бошлиғи Самандар Қўқоновга берилган сўнгги қамоқ жазоси 6 октябрь куни тугаган эди. 7 октябрь куни Зарафшон шаҳар суди Қўқоновнинг жазо муддатини “қамоқхона ички тартибини бузди” деган айблов билан яна 3 йилу 5 кунга узайтирган.