Бу ҳақда Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати - Ўзбекистон Либерал-демократик партияси матбуот хизмати маълум қилди.
Айтилишича, шу партиядан Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзод Шавкат Мирзиёевнинг сайловолди дастурида қишлоқ аҳоли пунктларида ичимлик суви тармоқларини кенгайтириш ва модернизация қилиш дастурини ишлаб чиқиш режалаштирилган.
“Келгуси 5 йил давомида қарийб 9 минг километрлик ичимлик суви тармоқлари, 1 минг 400 та қудуқ ва 3 минг 600 та сув иншооти қурилади ва реконструкция қилинади. Бу эса Қорақалпоғистон Республикаси, Андижон, Жиззах, Навоий, Сирдарё, Самарқанд, Тошкент, Хоразм вилоятларида 3 миллион 200 минг аҳолини тоза ичимлик суви билан таъминлаш ва мамлакатимизда ушбу кўрсаткични 67 фоиздан 84 фоизга етказиш имконини беради. Бу вазифаларни амалга ошириш учун Уй-жой коммунал хўжалиги вазирлигини ташкил этиш ҳамда Молия вазирлиги ҳузурида "Тоза сув" махсус жамғармасини тузиш кўзда тутилмоқда”, дейилади хабарда.