Қирғизистон Комунистлар партияси Иосиф Сталинга ёдгорлик ўрнатиш учун аҳолидан имзо ва пул йиғишни бошлади. Сталин ҳайкалини ўрнатиш ташаббуси Қирғизистон Коммунистлар партиясининг ёшлар қаноти томонидан кўтарилган. Улар ёлгорлик макетини тайёрлаб, ҳайкални пойтахт Бишкекдаги “Ёш гвардия” боғкўчасида ўрнатишни режалаштирган.
Ёш “сталинчилардан” бири Жалил Жапиев Сталинга ёдгорлик ўрнатиш ташаббусини бир неча минг одам қўллаганини айтди:
- Ҳозир имзо йиғаяпмиз. Одамлар келишаяпти.Уч - тўртмингга яқин имзо йиғдик. Кўпроқ оддий нафақахўрлар 50-100 сўмдан беришаяпти. 500 сўмдан 1000 сўмгача берганлар ҳам бор. Худо хоҳласа ҳайкални Сталиннинг туғилган кунида,яъни 21-декабрда очишни режалаяпмиз, -деди Жалил Жапиев.
Коммунистлар ташаббуси жамоатчилик орасида баҳсларни пайдо қилди. Интернет фойдаланувчиларининг кўпчилиги ўн минглаб қирғизистонликларни репрессия қилган режим раҳбари Сталинга ёдгорлик ўрнатишни манқуртлик сифатида баҳолади. Шундай фикрдаги қирғизистонликлардан бири таниқли жамоат арбоби Эдил Байсаловдир.
- Сталинга ҳайкал ўрнатамиз дейиш – қирғиз халқига хиёнат қилишдир. Бу миллий, давлат ғоясининг йўқлиги сабабли бўлаяпти. Бир сўз билан айтганда бу манқуртликдир. Сталин репрессиялари бизда катта масштабда бўлган. Ҳар бир қишлоқ, ҳар бир бригададан одамлар отилган. Ўн минглаб одамлар сургун қилинган, ўлдирилган. Биз бунинг барчасини унутиб, 138 кишинигина эслаяпмиз, -дейди Эдил Байсалов.
Байсалов постсовет мамлакатларида Ленин ҳайкаллари бузилиб, совет-тоталитаррежимини ҳалқ аллақачон эсидан чиқарганини қўшимча қилди.
Айни пайтда, Қирғизистон парламенти депутати, коммунист Исҳак Масалиев ёш "сталинчилар" ташаббусини қўллайди. У ёдгорлик учун ўз ҳисобидан маблағ ажратишга ҳам тайёр. Масалиев Сталинга ҳайкал ўрнатиш зарурати сабабини қуйдагича изоҳлайди.
- СССР ташкил этилаётганида Қирғизистон ССРнинг пайдо бўлишида Сталиннинг хизмати жуда катта бўлган. Қозоғистон ва Ўзбекистоннинг ўша даврдаги ерларини Туркистон давлатига айлантириш ҳаракатлари бўлган. Бироқ Сталин шахсан ўзи “Мана бу ер Қирғизистон бўлсин”, деб ҳаритага қизил қалам билан чизиб, қарор чиқарган. Коммунисттик партия репрессияни тўла тан олиб, айрим одамларни оқлаган. Уларнинг номлари кўчаларга берилган. Бу манқуртлик эмас, -дейди Исҳак Масалиев.
Масалиев раҳбарлигидаги коммунистлар иддаоларини тарихчи Дўўлўтбек Сапаралиев тўла инкор қилади. Унга кўра, Сталин СССРни башқараётганда “халқ душмани” деган иддао билан биргина Қирғизистонада 40 минга яқин одам репрессия қилинган.
- Сталинга ҳайкал ўрнатиш ноўрин ташаббус. У аксинча қирғиз халқи мустақиллиги учун курашган зиёлилар вакилларини репрессия қилган, оттирган.Жами 40 минга яқин қирғиз Сталин репрессияси қурбони бўлган. Тарихни ўзгартириб бўлмайди. Асосан ёш авлодга тарихимизни эслатиб, репрессия қурбонларини эслаб туришимиз керак, -дейди Дўўлўтбек Сапаралиев.
Сталин ҳукумронлиги даврида СССРда жами 20 миллионга яқин одам аёвсиз қийноқларга солиниб, репрессия қилинган. Юз минглаб бегуноҳ одам отилган.
8 ноябрь Қирғизистонда Респрессия қурбонларини хотирлаш куни деб эълон қилинган.