НАТО Тошкентдаги Алоқа марказини ёпишга қарор қилди

НАТОнинг Марказий Осиёдаги Алоқа маркази раҳбари Розариа Пульизи

Шимолий Атлантика Шартномаси Ташкилоти (НАТО) Тошкентдаги Алоқа марказини ёпишга қарор қилди. НАТО расмийларига кўра, 2017 йилдан бошлаб ташкилотнинг Тошкентдаги бўлинмаси иши Брюсселдаги марказий идорага кўчирилишига қарамасдан, Ўзбекистон билан ҳамкорлик давом эттирилади.

НАТОнинг Тошкентдаги Алоқа маркази 2017 йилнинг март ойидан бошлаб ўз ишини тўхтатади.

Бу хабарни Озодликка тасдиқлаган Брюсселдаги исмини очиқламган НАТО мулозимига кўра, бундай қарорнинг қабул қилинишига ички бюджетга боғлиқ масалалар сабаб бўлган.

- НАТОнинг Марказий Осиёдаги Алоқа офиси дарҳақиқат 2017 йилнинг март ойидан ўз ишини тўхтатади. Бу қарор ички бюджетни қайта кўриб чиқиш билан боғлиқ, асло сиёсий тусга эга эмас. Бизга Ўзбекистон ёки бошқа ҳамкор бўлган давлатлар босим қилгани йўқ. Аксинча, минтақада бизни яхши қабул қилишган. Марказий Осиё НАТО учун стратегик аҳамиятга эгалигини сақлаб қолади. Ўзбекистон билан ҳамкорлик давом этади ва апрелдан бошлаб ўзаро алоқалар бевосита Брюсселдан бошқарилади, деди НАТО вакили.

У НАТО билан турли кўринишда ҳамкорлик қилаётган мамлакатлар ўз манфаатлари ва ихтиёри нуқтаи назаридан бошқа ҳарбий иттифоқлар ёки хавфсизлик ташкилотларига аъзо бўлишларига тўсқинлик қилинмаслигини алоҳида таъкидлаб ўтди.

НАТО вакили, хусусан, Ўзбекистон билан айниқса Афғонистон масаласида улкан ҳамкорлик ишлари олиб борилганини таъкидлади.

НАТО ва АҚШ ҳозирга қадар Афғонистондан жанговар қўшинларни олиб чиқишда Ўзбекистон ҳудудидан транзит сифатида фойдаланиб келган.

Шимолий Альянснинг Марказий Осиё давлатлари билан алоқа ва ҳамкорлик бюроси Тошкентда 2013 йилнинг августида очилган эди. Шунингдек, 2014 йилнинг май ойида Ўзбекистон Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатияси университетида қошида НАТОнинг Депозитар кутубхонаси ишга туширилган.

Германия Бусвери аскарлари Термиз аэродромида

Бугунга келиб НАТО ҳарбий блоки дунёда 41 ҳамкорга эга бўлиб, улар қаторида Ўзбекистондан ташқари Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон ва Туркманистон ҳам бор. Ўзбекистон 1994 йилдан буён НАТО билан “Тинчлик йўлида ҳамкорлик” дастури асосида ҳамкорлик қилиб келади, 1996 йилдан бошлаб эса Ўзбекистон билан “Индивидуал шериклик ва ҳамкорлик дастурлари” асосида иш олиб борилади.

Ҳозирга келиб Ўзбекистон Шимолий Альянс билан 4 дастур асосида шериклик қилиб келиши маълум.

Жумладан, НАТО инструкторлари ёрдамида Ўзбекистон Қуролли Кучлари аскарлари БМТнинг тинчлик амалиёт машқларида иштирок этган.

НАТО билан Ўзбекистон ўртасида кўп йиллик шериклик мавжудлигига қарамасдан, 2015 йилнинг январида Ўзбекистон собиқ президенти Ислом Каримов мамлакат “ҳеч қайси бир ҳарбий-сиёсий блокларга қўшилмаслиги, ўз ҳудудида ҳарбий базаларни жойлаштирмаслик” тўғрисида баёнот берган эди.

2001 йил 11 сентябр ҳужумларидан сўнг АҚШ ва НАТО иттифоқчилари Ўзбекистоннинг Хонобод ҳарбий базасидан фойдалана бошлади.

Аммо, 2005 йилда Андижон воқеалари ортидан Ўзбекистон Америка ҳарбийларини ўз ҳудудидан чиқариб юборди.

Россия Марказий Осиёда НАТОнинг нуфузи ошишига қарши қарши чиқиб келади. Т

ожикистон, Қирғизистон ва Қозоғистон Россия етакчилигидаги Коллектив Хавфсизлик шартномаси ташкилотига (КХШТ) аъзодир .

Ўзбекистон 2012 йилда КХШТдан чиқиб кетган эди.

Шунингдек, Тожкистон билан Қирғизистон ҳудудларида Россия ҳарбий базалари мавжуд.