Ўзбекистон -Туркия инвестиция форуми 2017 йилнинг бошларида Тошкентда ўтказилади. Бу ҳақда 21 ноябрь куни Ўзбекистон маҳаллий матбуоти хабар берди.
Хабарда айтилишича, форумни ўтказиш борасида Туркия президенти Режаб Тоййип Эрдўғоннинг Ўзбекистонга қилган икки кунлик расмий ташрифи доирасида келишилган.
18 ноябрь куни Самарқандда Ўзбекистон муваққат президенти Шавкат Мирзиёев ва Туркия президенти Режаб Тоййип Эрдўғон музокаралар ўтказган эди.
Учрашувдан сўнг Туркия ташқи ишлар вазири Мавлут Човушўғли Ўзбекистон томони турк ватандошларига визани бекор қилиши мумкинлигини айтган.
Расмий маълумотларга қараганда, Ўзбекистон ва Туркия иқтисодий ҳамкорлиги 2015 йилда 1 миллиард 200 минг долларни ташкил қилган. Икки давлат бу кўрсаткични яқин йилларда икки-уч баробарга оширишни режалаштирмоқда.