«Ўзбекфильм» киностудиясида режиссёр Зулфиқор Мусоқовнинг янги «Дадам бетоб» фильмини монтаж-овозлаштириш ишлари якунланиш арафасида. Картина 9 октябрь куни 90 ёшида вафот этган таниқли поляк режиссёри Анжей Вайда хотирасига бағишланади, деб хабар қилди gazeta.uz
Кинотасмада «Хазонрезги» фильми билан танилган актёрлар Бахтиёр Абдуллаев, Феруза Саидова ҳамда кино ва театр юлдузи Фарҳод Абдуллаев бош ролларни ўйнайди. «Дадам бетоб» дастлаб ўзбек тилида намойиш этилади, кейинроқ эса рус тилида ҳам тақдим этилади. Картина давомийлиги 1 соату 30 дақиқани ташкил этади. Тасвирга олиш ишлари асосан Тошкентда бўлиб ўтди. Фильм премьераси яқин вақтлар ичида бўлиб ўтади.
«Фильмнинг бош ғояси? Бу ҳар кимнинг ҳаётида содир бўлиши мумкин бўлган оддий тарих. Тошкент яқинидаги қишлоқда яшовчи Азиза тўлақонли бахтли ҳаёт кечирар эди. Инсоннинг бахтли бўлиши учун уч нарса керак: тинчлик, яқинлар соғлиғи ва муҳаббат. Унда ҳар учаласи ҳам бор эди: тўрт фарзанд, севимли турмуш ўртоқ ва уй», - деган Зулфиқор Мусоқов gazeta.uzга.