2017 йилда тадбиркорлар ва тижорат банкларининг жами 1 миллиард долларгача бўлган маблағлари ҳисобига Тошкент шаҳрининг "Ўқчи Олмазор" массивида умумий майдони 70 гектар бўлган "Тошкент Сити" ишбилармонлик ҳудуди босқичма-босқич қурилади.
Бу ҳақда Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати - Ўзбекистон Либерал-демократик партиясидан Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзод Шавкат Мирзиёев 24 ноябрь куни Тошкент шаҳри сайловчилари билан ўтказган учрашуви чоғида баёнот бергани тўғрисида маҳаллий матбуот хабар қилди.
Мирзиёевнинг учрашувда айтишича, Тошкент шаҳрининг эски шаҳар қисмидаги Зарқайнар маҳалласи кўчаларида хусусий тадбиркорларнинг фаолияти ва миллий меъморчилик намуналари асосида "Эски Тошкент" номли тарихий-маданий ва дам олиш маркази ташкил этилади.
“Ушбу марказдаги объектларнинг қурилиши хусусий тадбиркорлар томонидан Миллий банкнинг имтиёзли кредитларини жалб қилган ҳолда молиялаштирилади”, дейилган бу ҳақдаги хабарларда.