АҚШ Адлия вазирлиги музлатиб қўйган 850 миллион долларлик маблағ Ўзбекистонга бу мамлакатда инсон ҳуқуқларига риоя этилиши бўйича вазият юзасидан қатор шартлар бажарилган тақдирдагина қайтарилиши лозим.
Бу ҳақда ўзбекистонлик собиқ сиёсий маҳбус Санжар Умаровнинг куни кеча The Washington Post газетасида ёйинланган мақоласида айтилади.
Ўзбекистон собиқ президенти Ислом Каримовнинг тўнғич қизи Гулнорага оид кўрилган мазкур маблағ телекоммуникация соҳасидаги коррупция жанжали текшируви доирасида музлатиб қўйилганди.
Санжар Умаров фикрича, сайланган президент Дональд Трамп маъмурияти бу пулларни коррупция қурбонларига қайтариши керак, бунинг учун Қозоғистондаги “БОТА” жамғармаси каби хайрия жамғармаси тузилиши мумкин. Мақола муаллифига кўра, агар маблағ Тошкентга тўғридан-тўғри қайтариладиган бўлса, бу уни мазкур пулларга ноқонуний эга бўлиб олган кишилар қўлига топширилишини англатади.
АҚШ суди ўтган ой бошида Гулнора Каримовага оид кўрилмиш музлатилган маблағлар тақдирини судсиз келишиб олишлари учун америкалик ва ўзбекистонлик адвокатларга берилган муҳлатни 2017 йил январигача узайтирганди.
Озодлик радиосининг Вашингтондаги шарҳловчиси Майк Эккелга кўра, АҚШ ҳукумати музлатилган пулларни Ўзбекистонга қайтаришга мойил. Бироқ Вашингтонни “Бу пулларни ким қабул қилиб олади, уларни ўзлаштириш қандай бўлади, бу пулларнинг қонуний ўзлаштирилиши устидан ким ва қандай назорат олиб боради?” қабилидаги саволлар ўйлантирмоқда.