Шавкат Мирзиёев президент сифатидаги биринчи расмий сафарини Россияга амалга оширади. Бу ҳақда бугун Ўзбекистон ҳукуматидаги исми айтилмаган манбага таянган ҳолда Москванинг “Известия” газетаси хабар тарқатди.
Россия президенти матбуот котиби Дмитрий Песков “Кремль бу хабарга ижобий ёндошади”, деб маълум қилди.
“Известия” газетасининг билдиришича, Ўзбекистон ҳукуматидаги манба “Ўзбекистондаги тегишли ташкилотлар Шавкат Мирзиёевнинг Россияга қиладиган сафарига тайёргарликни бошлаб юборди. Турли вазирликлар президент учун таҳлилий билдирувлар устида фаол ишламоқда. Иннагурация янги йилгача бўлиб ўтади. Россияга ташриф эса қишда ёки янги йилнинг баҳорида бўлиб ўтади”, деб айтган.
Газетанинг ёзишича, россиялик экспертлар ҳам ўзбек лидерининг Москвага тез орада расмий ташриф билан боришига шубҳа билдирмадилар. Уларга кўра, мазкур ташриф ортидан Россия ва Ўзбекистон ўртасидаги алоқларнинг илиқлашуви кутилмоқда.
Шавкат Мирзиёев Россия президенти Владимир Путин билан Самарқандда 6 сентябрда бўлиб ўтган учрашувда Ўзбекистоннинг Россия билан алоқалари "олдин ҳам, ҳозирда ҳам ва келажакда ҳам стратегик шериклик асосида бўлади", деб билдирган эди.
Россия президенти Ўзбекистонга 3 сентябрда дафн этилган Ислом Каримов хотирасига ҳурмат бажо келтириш учун борган эди.