Самарқанд шаҳридаги сайёҳлик ширкатларидан бирининг раҳбари соҳада ислоҳот бошлаган янги сайланган президентга шундай таклифлар билан юзланди. 15 йилдан буён Самарқандга сайёҳ олиб бораётган туроператор аслида тез ва сердаромад бўлган соҳа йиллар давомида абгор аҳволга келиб қолгани, соҳа визани бекор қилишдан олдин зарур бўлган чуқур ислоҳотларга муҳтожлигини таъкидлади. Унинг айтишича, бугун турагентлар ҳатто ресторанларнинг ҳожатхоналарини тозалаб, чироғи ўчадиган меҳмонхоналар учун жарима тўлаётганини айтиб берди.
Ўзбекистоннинг дунёга донғи таралган Самарқанд шаҳрига қарийб 15 йилдан буён сайёҳ олиб бораётган турагент 27 давлатга тўлиқ ва қисман визанинг бекор қилинганини олқишлади. Аммо, бу сайёҳлар оқимининг ошишига олиб келишига унча ишонмаслигини айтади.
Самарқандлик туроператор - 10 ишчиси бўлган маҳаллий сайёҳлик ширкатлардан бирининг раҳбари (унинг исми ва ширкатининг номи сир сақланмоқда. - таҳр.), пайтдан фойдаланиб, янги сайланган президентга ўз таклифларини илгари сурди.
Биринчи таклиф: "Ўзбекистон ҳаво йўллари" чиптасини арзонлаштиринг!
Унинг айтишича, Европанинг Франция, Белгия, Буюк Британия, Германия каби ривожланган мамлакатларидан борадиган сайёҳлар, биринчи галда, "Ўзбекистон ҳаво йўллари" ширкатининг чипталари қимматлигидан нолишади:
"Сизнинг кампаниянгиз чиптасининг пулига биз бошқа давлатга бориб-келамиз ва дам ҳам оламиз", дейишади. Жуда қиммат улар учун ҳам. Биз айтамиз ширкатга, лекин ҳозирча натижа йўқ. Масалан, биз турк ва рус авиаширкатларига чиқамиз, улар айнан шу миллий ширкат қимматлиги учун бизга келишмайди. Шу чиптани туристлар учун арзон қилиш керак", дейди туроператор.
Иккинчи таклиф: Туризм бизнесини монополиядан қутқаринг!
10 кишилик бир жамоанинг раҳбари бўлган бизнесмен кейинги 5-6 йил ичида вилоятдаги кичик тадбиркорлар учун ишлаш оғирлашиб кетганини айтади:
"Катта-катта турагентлар бор, меҳмонхоналару ресторанлар уларга ишлайди. Биз каби кичик тадбиркорларни эса сиқиб чиқаришга уринишади. Яъни, меҳмонхоналарда ҳам биз учун бошқа нарх, улар учун бошқа нарх ва ҳоказо, муаммолар бор. Айтмоқчи бўлганим, демонополизация қўмитаси бу соҳани жиддий назорат қилиши ҳамда кичик ва ўрта бизнесга соғлом муҳим яратилиши керак", дея таклиф қилди кичик тадбиркор.
Учинчи таклиф: "Афросиёб"га чипта олишда имтиёз беринг!
Турагент Самарқандга "Афросиёб" тезюрар поезди қатнай бошлаган кезда уни Европада изчил реклама қилишга киришганини айтади:
"Энди Самарқандга 2 соатда етиб борасиз!" деб босиб, катта пул ташлаб, реклама қилдик чет элда. Сайёҳлар роса қизиқди. Кейин "Афросиёб"га 3-2 ой олдин чипталар учун пул ўтказдик. Лекин, сайёҳлар келди - билет йўқ. Пул тўланган, билет йўқ. "Бор-йўғи 250та жой бор, сотилиб кетган, сизга қаердан топиб берайлик!" дейди кампаниядагилар. У ёққа чиқдик, бу ёққа чиқдик - фойдаси йўқ, кўряпсизми?! Турфирмалар учун имконият бериш керак", дейди самарқандлик турагент.
Тўртинчи таклиф: Инфраструктурани яхшилаш керак!
Турагент инфраструктура, дер экан ўйдим-чуқур йўллардан тортиб, емакхоаню ҳожатхоналарни ҳам тилга олди:
"Масалан, Самарқандда асосий йўлдан бурилишингиз билан йўлларнинг аҳволига қараб бўлмайди. Ҳар қадамда яма. Буларнинг ҳаммасини ўнглаш керак. Ресторанлар, овқат яхши. Лекин, буни ҳам ўзимиз назорат қиламиз. Сайёҳлар келишидан олдин бориб, туалетларигача текшириб чиқамиз. Керак бўлса, тозалаш воситаларини ҳам олиб бориб, тепасида туриб тозалатамиз. Столларга қўйилган салфеткаларни ҳам: "Жимжимадор синтетика эмас, оддий оқ пахтали салфетка қўйинг!" деб ҳаммасини айтиб чиқамиз", дейди турагент.
Бешинчи ва асосий таклиф: Свет-газни таъминланг!
Самарқанддаги сайёҳлик ширкати бир гал хориждаги ҳамкорлари 2 минг АҚШ доллар миқдорида жарима солганини эслатди:
"Сайёҳлар келди, бир ҳафта юриб кетди. У ёққа бориб арз қилган: "Биз турган меҳмонхонада 9 марта свет ўчди", деб. Бизга санкция бўлди, жарима келди. Гостиницага айтсак: "Биз нима қилайлик, электросет узиб турса!" дейди. Электросет ҳам бечора, чунки светни туби йўқ. Сиз дунёнинг у бурчидан Ўзбекистонни мақтаб-мақтаб турист олиб келасиз, улар келса, оддийгина свет йўқ, газ йўқ. Ўзи аслида асосий муаммо шу - свет-газ. Ҳозир чет эллик ҳамкорларимиз ҳам билади буни. Ноябрдан то апрелгача бизга сайёҳ юбормайди, чунки совуқ, свет йўқ. Шунинг учун, шу ойларда киримсиз ишлаймиз. Энди деҳқонларга ўхшаб, ёзда топганимизни қишда еб чиқамизда биз ҳам", дейди 15 йилдан буён сайёҳларга хизмат кўрсатаётган тадбиркор.
Муаммо ва уларнинг ечимини бир-бир таклиф қилган сайёҳлик ширкати раҳбари, суҳбат сўнгида, янги сайланган президент Шавкат Мирзиёевнинг 2 декабрь куни имзолаган фармони ортидан Ўзбекистонга "қисқа муддатда катта даромад даромад берувчи" туризм соҳасида катта ўзгаришлар бўлишига умид қилаётганини алоҳида таъкидлади.
Оламшумул фармон
Ўзбекистон президенти вазифасини бажараётган Шавкат Мирзиёев 2 декабрь куни имзолаган "Ўзбекистон Республикаси сайёҳлик соҳасини ривожлантиришни тезлаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги фармонда туризм соҳасини мамлакат иқтисодининг стратегик секторига айлантириш назарда тутилган.
Фармонда 2 минг 7000 - 3 минг йиллик тарихга эга бўлган Самарқанд, Бухоро, Хоразм каби шаҳарлар, 7 мингдан ортиқ тарихий обидалари бўлган Ўзбекистонда туризмни ривожлантиришга оид комплекс чора-тадбирлар кўзда тутилган.
27 давлат фуқароларига визани бутунлай ёки қисман бекор қилиш, электрон виза жорий қилиш, сайёҳлар учун аэропортларда "яшил коридор"лар очиш, соҳадаги тадбиркорларни солиқдан озод қилиш каби енгилликларни яратиш режаланган.