Ўзбек олими чорак асрдан буён ўз биологик фарзандини қидирмоқда

Собир Тўлаганов

Ўзбекистонлик физика-математика фанлари доктори Собир Тўлаганов чорак асрдан буён ўз биологик фарзандини қидирмоқда. 73 яшар олим яқинда амалий ёрдам сўраб бош вазир қабулхонасига ҳам мурожаат қилган. Бироқ, ҳозирга қадар, ўзбек олимининг ўз фарзандини топиш уринишлари ҳеч қандай натижа бергани йўқ.

Тошкент Давлат университети Математика факультети собиқ ўқитувчиси Собир Тўлагановнинг Озодликка ҳикоя қилишича, воқеа 1987 йилнинг 20 мартида Тошкент шаҳри собиқ Собир Раҳимов (ҳозирги Олмазор) туманидаги 3-туғруқхонада бошланган.

Собир ака кенжа фарзандига тўлғоғи тутган аёли Муқаддам Тўлагановани туғуруқхонага олиб боради.

- Туғилиш жараёни жуда оғир кечган. Фарзанд туғилганда аёлим беш соат ҳушсиз ётган. У кўзини очганда ёнидаги кушеткага бир аёлни ётқизишади. У аёл кўзи осон ёрийди. Аёлим, ҳаваси келиб, у аёл билан ётган жойида суҳбатлашади. У аёлнинг кўриниши бир умр хотирасида қолади, - дейди Собир Тўлаганов.

Бир неча кун ўтиб эр-хотин янги туғилган қиз-чақалоқни олиб уйга қайтади.

Янги дунёга келган кенжа фарзандга Малика деб ном қўйишади.

Собир Тўлагановнинг ҳикоя қилишича, орадан "икки-уч йил ўтиб", аёли Малика уларга эмас, балки у билан айни кунда фарзанд кўрган палатадошига тобора ўхшаб бораётганини ишонч билан гапира бошлайди.

- Қизимиз кўзга кўрина бошлаган сари аёлим, қизимиз бизга ўхшамаяптию, туғруқхонада мен билан ёнма-ён ётган аёлга ўхшаб кетаяпти, деган гапни такрорлай бошлади. Мен уни юпатсам ҳам, ўзимча ичимда ғулғула пайдо бўлиб, у аёлни қандай топишни ўйлардим. Кўп ҳаракатлар қилдим. Эҳтиётсиз ҳаракат қилсам, бир умрга унинг изини йўқотишим мумкинлигини ҳис қилардим. Шунинг учун очиқ ҳаракат қилмадим. Бу анча давом этди, - деб эслайди Собир Тўлаганов.

Топиш

Алалоқибат, орадан 13 йил ўтиб, 2000 йилда Тўлаганов Олмазор туманидаги 3-туғуруқхона архивига киришга ва у ердан аёли билан бир кунда қиз фарзанд кўрган аёл манзилини топишга муваффақ бўлади.

- У аёлни кўрганимда, уйига бориб кўрганимда, биз тарбиялаётган фарзандимиз у аёлнинг биологик фарзанди эканига мутлақо ишонч ҳосил қилдим. Чунки, ҳаётда жуда ўхшашликни ифодалаш учун "икки томчидай бир-бирига ўхшаш" дейишади, ана шунақа ҳолат эди, - дейди Собир Тўлаганов.

Улар бир кун сўнгра учрашишга келишиб оладилар.

- Эртасига у аёл билан учрашишга аёлим билан бордик. Учрашишга борганимиздаёқ у аёл: "-Фарзандларимиз алмашиб қолган экан-ми? - деб бизни қабул қилди. Иккала оиламиз учун ҳам яна биттадан фарзанд ошган бўлади, фарзандларга ҳозир айтмаймиз, келгусида, каттароқ бўлганда, балоғатга етганда ўйлаб кўрармиз, деган фикрни айтдик. Маъқул бўлди. Хурсанд бўлди. "Биз қариндошдай бўлсак, яхши бўларди," - деган гапни айтди, - деб хотирлайди Собир Тўлаганов.

Тониш

Аммо, кейинги учрашувда аёл ва унинг иниси Собир Тўлагановнинг хотини ва қизи Маликани "мутлақо бошқача" алфозда қарши олади.

- Эртасига қизларни олиб, аёлларимиз учрашишадиган бўлишди. Менинг аёлим қизим билан борди учрашувга. Лекин у аёл қизини олиб келмасдан укаси билан келган учрашувга. У эри ва акасининг босими остида ўз фарзандидан тонишга қарор қилган экан. Улар ўйлаган бўлса керак, гап сўзга қоламиз.... Уларнинг тўртта қизи бор экан... Уларни узатишимиз керак, гап-сўзга қоламиз, деган фикрга борганми, ўз биологик фарзандидан тонишга қарор қилган, - дейди Собир Тўлаганов.

У "аёл фарзандидан тонганидан кейин" прокуратурага мурожаат қилишга мажбур бўлганини айтади.

ДНК

Собир Тўлагановнинг иддао қилишича, унинг ДНК ташхисини ўтказиш талабига Олмазор туман прокурори "аввал бошдан қаршилик" қилган.

- Янги прокурор тайинланган экан. У одам қабулида бўлганимда менга қаттиқ босим ўтказди, бу масалани кўтармасликни таклиф қилди. Бу масалани кўтарсам, жазолаши мумкинлигини огоҳлантирди, - дея ҳикоя қилади Собир Тўлаганов.

Шунга қарамасдан, Тўлаганов ўз талабида қатъий туриб олгани ва прокуратура ДНК ташхисини ўтказишга мажбур бўлганини айтади.

ДНК ташхиси сўнгида "1987 йилда туғилган Малика Тўлаганова Муқаддам Тўлагановадан дунёга келгани истисно этилмайди", дея хулоса билдирилган.

Бироқ, Собир Тўлаганов Озодликка ўз биологик фарзандини топиш уринишларини "бир кун бўлса ҳам, тўхтатмадим," дейди.

Оққон

Малика 18 ёшга тўлганда оққон касалига чалинди.

Шифокорлар уни Маликани сақлаб қолишнинг ягона йўли унинг cуяк илиги алмаштириш эканини айтишади.

2007 йилда Тўлагановлар оиласига АҚШда доимий яшаш ва ишлаш ҳуқуқини берувчи "Грин Кард" ютуғи чиқади ва оила уқёнус ортига йўл олади.

Ўзбек олимида янги умид учқунлари пайдо бўлганди.

2009 йилда йилда донор топилади ва илик суяги кўчирилиб, Маликага муваффақиятли ўтказилди.

АҚШлик шифокорлар қизда саратоннинг қайтиш эҳтимоли йўқлигини айтиб, Тўлагановлар оиласини хотиржам қилишади.

2014 йилда Маликани ўзбек йигитига турмушга беришади.

Бироқ, кўп ўтмай касаллик қайталайди.

Малика 2015 йил май ойида вафот этади.

Собир Тўлаганов Озодликка азиз фарзандидан ажралганини ўкиниб сўзлаб берди.

Умид

Яқинда Собир Тўлаганов Қўшма Штатлардан туриб, биологик фарзандини топишда ёрдам беришни сўраб, Ўзбекистон бош вазири виртуал қабулхонасига мурожаат қилди.

Унинг айтишича, виртуал қабулхонадан унинг иши Ўзбекистон Бош прокуратурасига топширилгани ҳақида жавоб келган.

Uzbekistan - document from Sobir Tulaganov

73 ёшга тўлган ўзбек олими ҳамон ўз биологик фарзандини топиш умидида яшаяпти.

- Мен ҳар қандай инсон ўз биологик ота-онасини таниши керак, деб ҳисоблайман. Бундай имкониятни инсонга бермаслик ноҳақлик, деб биламан. Қолаверса, ота-она ҳам ўз фарзандини таниши керак. Мен чорак асрдан бери шу масалани хаёлимдан кетказганим йўқ. Мен тарбиялаган қиз бизнинг оиламиз учун жуда азиз эди. Ўз фарзандларимдан ҳеч қандай фарқи йўқ эди, бир хил эди. Аммо, биологик фарзандни таниш, биологик ота-онани таниш - бу фарз, деб ўйлайман. Қуръони Каримда ҳам иккита оятида бу масала кўрилган. Мен ўз биологик фарзандимни топсам дейман. Ҳарҳолда 73 ёшдаман оёқ-қўлни хотиржам узатиб кетсам дейман, дейди Собир Тўлаганов.