Тожикистон Миллий банки президент Имомали Раҳмон суратини минг сомонийлик янги банкнотда чоп қилиш эҳтимолини кўриб чиқмоқда. Минг сомоний шу кунги курс билан 127 АҚШ долларига тенгдир.
Миллий банк матбуот хизмати янги банкнот жорий этилиши мумкинлигига оид хабарларни тасдиқлаб, бу ғоя Исфара туманида яшайдиган ўқитувчи Ҳасанбой Асадовга тегишлилигини билдирди.
Асадов Озодликнинг тожик хизматига мазкур таклифни Миллий банкка бир йилча аввал юборгани, яқинда эса ўз таклифи кўриб чиқилаётгани ҳақида улардан хат олганини маълум қилди.
Бундан бир неча кун олдин Қозоғистонда мамлакат мустақиллигининг 25 йиллиги муносабати билан Нурсултон Назарбоев тасвири акс этган 10 минг тангалик банкнотлар чиқарилганди.
Амалдаги президент суратини пулга босиш амалиёти Сапармурод Ниёзов даврида Туркманистонда ҳам кузатилган. Ниёзов ўлимидан кейин манатлардаги Туркманбоши портретлари ўрнига тарихий шахслар сурати босила бошлаган.