Муҳаммад Бекжон жазо изоляторига ташланган

17 йилдан буён Ўзбекистон қамоғида қолаётган журналист, 62 ёшли сиёсий маҳкум Муҳаммад Бекжон жазо изоляторига ташланган ва унинг муддати узайтирилиши мумкин. Бу ҳақда Eltuz нашри маҳкумнинг яқинларига таяниб хабар берди.

Муҳаммад Бекжоннинг яқин қариндошларига кўра 13 декабр куни улар маҳкумни кўриш учун Зарафшон турмасига боришган.

Бироқ, турма ходимлари Муҳаммад Бекжон билан ўнинчи январга қадар учрашиш мумкин эмаслиги, унинг изоляторга тушганини билдиришган.

Нима учун Муҳаммад Бекжоннинг жазо хибсхонасига ташлангани ҳақидаги саволга турма ходимлари аниқ жавоб бера олишмаган.

2011 йили озодликка чиқишига бир ой қолганида унга уйдирма айблар қўйилиб жазо муддати 4 йилу 8 ойга узайтирилган эди, бу муддат 2017 йилнинг февралида, яъни икки ойдан сўнг тугаши керак эди.

"Эрк" демократик партияси раҳбари Муҳаммад Солиҳнинг укаси ва «Эрк» рўзномасининг собиқ бош муҳаррири бўлгани учун узоқ йиллардан бери қамоқда қолмоқда.

Муҳаммад Бекжон 1999 йилдаги Тошкент портлашлари ортидан Киевдаги уйидан ўғирлаб кетилган ва портлашларга алоқадорликда айбдор, деб топилиб, озодликдан маҳрум этилган эди.