Украинада таълим олаётган талабалар ўқишни Ўзбекистонга кўчира олмаётир

Украинадаги Богомолец номли Миллий Медицина Университети

Киевдаги Олександр Богомолец номли Миллий Медицина Университетида таълим олаётган ўзбекистонлик бир неча талаба ва уларнинг ота-оналарига кўра, Ўзбекистон Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ўқишни Ўзбекистонда давом эттириш ҳақидаги талабалар аризаларига рад жавобини берган.

2016-2017 ўқув йили учун Украинадаги талабалар ўқишини Ўзбекистонга кўчириш ҳақидаги аризалар вазирлик эмас, махсус Давлат комиссияси томонидан ёз мавсумида кўриб чиқилганини айтди.

Вазирлик мулозими Давлат комиссияси қарорини Украинага бориб таълим олаётган Ўзбекистонлик талабалар сонининг охирги икки йил ичида “уч бараваргача” ортгани билан изоҳлади.

"10 минг доллар бўлмаса, орқага йўл йўқ"

Украинадаги Богомолец номли Миллий Медицина Университетида таълим олаётган бир неча талаба ва ота-оналарнинг Озодликка шикоят қилишларича, Ўзбекистон Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги бу ўқув йилида талабаларга ўқишни Ўзбекистонда давом эттиришга изн бермаган.

Охирги йилларда Украинада иқтисодий шароитлар оғирлашди. Ҳам ўқиш, ҳам таълим олишга қийналган ўнлаб талабалар Ўзбекистонга қайтмоқчи бўлиб, перевод учун ариза топширирдик. Лекин Ўзбекистон (Олий ва ўрта махсус) таълим вазирлиги почти ҳаммага рад жавобини берди. Тузук-қуруқ тушунтириш берганлари ҳам йўқ,” дейди ўзбекистонлик талабалардан бири.

Бошқа бир талаба Украина шарқидаги низолар туфайли кўпчилик ўз ватанида давом эттиришни истаётганини айтди.

Иккала талабанинг иддао қилишича, ўқишни кўчириш аризаларига рад жавоби берилган эса-да, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигидаги номаълум мутасаддилар 10 минг долларгача пора эвазига бир неча талабага Ўзбекитонга қайтишга имконият яратмоқда.

Ноябрь ойининг охирида бир-нечта ўзбекистонлик студент Тошкентдаги вазирликка 9-10 минг доллардан бериб, перевод олиб кетди. Пули йўқлар қолдик,” деди Озодликка ўз исмини ошкор этмаслик шарти билан гаплашган талаба.

Бироқ Ўзбекистон Олий ва ўрта таълим вазирлиги мутасаддиси мазкур коррупция даъволарни рад этди.

Шу ҳафта бир неча ўзбекистонлик Самарқанд ва Бухородан бўлган болаларнинг ота-онаси пул топиб, Ўзбекистонга ўқишни перевод қилиб кетаяпти. Мен бунча пулни қаердан топиб берайин? 10 минг доллар бўлмаса, орқага йўл йўқ. Агар имконияти бўлганда менам бериб, перевод қилган бўлардим,” деб ёзди Киевда таълим олаётган талабанинг отаси.

Нострификация

Озодлик суҳбатлашган талаба ва ота-оналарга кўра, Украинадан Ўзбекистонга қайтишга ундовчи яна бошқа бир омил - олийгоҳлари дипломларининг Ўзбекистонда эътироф этилишидир.

"Украинада олинган дипломларни Ўзбекистонда нострификация қилиш керак. Бу - жудаям оғир ва узоқ давом этадиган иш. Кўплар олган дипломларини нострификация қилдиролмай, ишсиз қолиб кетади," дейди Богомолец номли Миллий Медицина Университетида ўқиётган талабанинг отаси.

Вазирлик эмас, Давлат комиссияси

Украиналик талабаларга берган жавоб

Талабалар ва ота-оналарнинг коррупция ҳақидаги даъволарини Ўзбекистон Олий ва ўрта махсус таълим мутасаддиси инкор қилди.

Унинг айтишича, хорижда таълим олган талабаларни кўчириш масаласини махсус Давлат комиссияси зиммасига юклатилади ва бу ишга вазирликнинг “ҳеч қандай алоқаси йўқ”.

Вазирлик эмас, Давлат комиссияси переводлар масаласини ҳал қилади. Ҳамма аризаларнинг ҳаммасини Давлат комиссияси кўриб чиқади. Вазирликдан кимдир пора олган бўлса, марҳамат, тегишли органларга ариза топширишсин,” деди Вазирлик мутасаддиси.

Ўн минг талаба таълим олувчи Киевдаги Богомолец номли Миллий Медицина Университетида 1300 нафарга яқин хорижлик, жумладан 100 нафарга ўзбекистонлик талаба таълим олади.

Талабалардан бирининг Озодликка айтишича, Украинадаги олийгоҳда таълим олаётган талабалар ҳар ўқув йилида 3,500 доллар контракт пули тўлашади.

Хорижлик талабалар йилига уч ярим минг доллар контракт пули беришади. Ётоқхонада туриш йилига яна 500 доллар туради. Бу пулни тўлаш кўпчиликка оғирлик қилади,” деди у.

Вазирлик мулозими Давлат комиссияси қарорини Украинага бориб таълим олаётган Ўзбекистонлик талабалар сонининг охирги икки йил ичида “уч бараваргача” ортгани билан изоҳлади.