Тошкентда 24 декабрь куни тушдан кейин яна бир йўловчи ташувчи Mercedes-Benz автобуси ёниб кетди.
Facebook тармоғидаги ""Водители Ташкента" гуруҳида гувоҳларнинг ёзишича, автобус бекатда турган вақтида ёнғин чиққан. Аввалига автобуснинг мотор қисмидан қора тутун чиқа бошлагани, бироз ўтиб, автобус ёниб кетгани айтилмоқда.
Гувоҳларга кўра, йўловчилар ва ҳайдовчи транспортдан тушишга улгурган, ҳодисада ҳеч кимга зарар етмаган.
Тошкент шаҳри бўйлаб, 91-йўналишда қатнаган автобус нима сабабдан ёнгани ҳақида ҳозирча маълумот йўқ.
Кейинги пайтларда Тошкентда йўловчи ташиётган Mercedes-Benz автобусларида ёнғин чиқиши тез-тез учрамоқда. Мутахассилар ёнғин сабабларини, асосан, электр линияларидаги қисқа туташув, нотўғри эҳтиёт қисмлардан фойдаланиш, вақтида техник кўрикдан ўтмаслик ҳамда бу автобусларнинг маҳаллий шарт-шароитларга мос келмаслиги билан изоҳлайди.