Рустам Азимовнинг Тожикистонга сафари 1 кунга кечиктирилди

Ўзбекистон Бош вазири ўринбосари Рустам Азимов раҳбарлигидаги делегациянинг 26 декабрга белгиланган Душанбега ташрифи 27 декабрга кўчирилди.

Бу ҳақда маҳаллий нашрлар "Азия Плюс" агентлигига таяниб хабар қилди.

Агентликнинг Тожикистон ҳукуматидаги манбасига кўра, Ўзбекистон делегацияси сафари кечиктирилиши президент Имомали Раҳмоннинг мамлакатда эмаслиги билан боғлиқ бўлиши мумкин. Ҳозирда, Тожикистон давлат раҳбари Коллектив хавфсизлик шартномаси Кенгашининг навбатдан ташқари сессиясида иштирок этиш учун Санкт-Петербургда бўлиб турибди.

«Режага мувофиқ, 28 декабрда президент Душанбеда Ўзбекистон ҳукумат делегациясининг раҳбари Рустам Азимовни қабул қилади», - деган манба.

Шунингдек, 28 декабрь куни ҳукуматлараро савдо-иқтисодий қўшма комиссиянинг мажлиси бўлиб ўтади.

Аввалроқ, томонлар Душанбе учрашувида 2000 йилда жорий қилинган виза тартибини енгиллатиш масалаларини муҳокама этиши мумкинлиги хабар қилинган эди. Унга кўра, келаси йил бошидан йўлга қўйиладиган Душанбе-Тошкент-Душанбе авиақатнови йўловчилари визаларни бевосита аэропортларда олиши мумкин бўлади.

Ҳукуматлараро қўшма комиссия мажлиси якунида ушбу масалалар, шунингдек, авиачипта нархи ва унинг қайси санадан бошланишига ойдинлик киритувчи келишув имзоланиши кутилмоқда.