Ўзбекистонлик таниқли қўшиқчилар Мирзиëев ташаббуси билан бошланган қурилишларга моддий ёрдам кўрсатиш истагини билдирди.
Бу ҳақда Озодликка Ўзбекистон Маданият ва спорт вазирлигидаги манбалар маълум қилди.
Улардан бирининг айтишича¸ қўшиқчилар, "қалб амри билан¸ ислоҳотларга ҳисса қўшиш мақсадида¸ чин кўнгилдан чиқариб" иккита қурилишга моддий кўмак беришмоқчи:
- Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Тошкентнинг Сирғали тумани, Спутник даҳасида жойлашган барак уйлар ўрнига кўп қаватли турар-жой бинолари қуриш¸ ҳамда Олмазор-Сирғали ер усти метросини лойиҳалаш ишларини тезлаштириш масалаларини кун тартибига қўйди, - деди Озодлик манбаси.
У бу қурилишларга санъаткорларнинг ҳисса қўшиши янгилик эмаслигини ҳам таъкидлади:
- Анча харажат талаб қиладиган¸ аммо халққа нафи тегадиган қурилиш бу. Санъаткорлар билан учрашув чоғида¸ кекса ижодкорлардан бири чиқиб, шунақа анъана борлигини эслатди. Ўз вақтида Тамархоним шахсий пулига танк сотиб олиб армияга совға қилгани¸ Комилжон Отаниëзов кўприк қурилишига ҳомий бўлганини гапириб берди ва ўзига тўқ¸ бақувват санъаткорларимиз бу анъанани давом этирса мақъул, деган фикр айтди¸ - деди Ўзбекистон Маданият ва спорт вазирлигидаги Озодлик манбаси.
Айни вазирликдаги бошқа манбага кўра¸ ўша куни Озодбек Назарбеков, Юлдуз Усмонова, Райхон Ғаниева ва Гулсанам Мамазоитовалар турар –жой ва метро қурилишига моддий кўмак бериш истагини билдирганлар:
- Қанча сумма эканлигини айтмай турганимиз маъқул. Савоб иш бу. Миннат қилгандек бўлмасин. Бир қўлинг берган нарсани иккинчи қўлинг билмасин, - дейди манба.
Истакми мажбурият?
Қўшиқчиларнинг “буюк қурилишлар"га моддий ёрдам кўрсатиш ҳақида Ўзбекистондаги кўнгил-очар сайт раҳбарларидан бири ҳам Озодликка маълум қилди.
Айни пайтда қўшиқчиларнинг “ҳомийликка мажбурлангани” ҳақида идаолар урчиган.
Озодлик мобил мухбирининг ўрганишича¸ шу кунларда Тошкентдаги шоу-бизнес оламида “Шавкат Мирзиëев тарафидан таноби тортилган” қўшиқчилар ҳақида гап –сўзлар тарқалган.
- Бир неча кундан бери маҳалла, таниш-билиш, ҳатто идораларда ишлайдиганларда ҳам, хуллас ҳамманинг оғзида бир гап юрипти - янги президент одамлари орқали 4та таниқли хонандага нотаниш шаклда тўй маросимини ўтказиб бериш билан мурожат қилдирган. Айтишларича, улар: Озодбек Назарбеков, Юлдуз Усмонова, Райхон Ғаниева ва Гулсанам Мамазоитова бўлган. Телефон орқали мулоқат қилган Назарбековнинг маъмури ашулачини дежурлиги 6000$ бўлади деган, Юлдузники эса “битта почка” нархини белгилаган. Бу Мирзиеевни ғазабини келтиргани ва у Озодбекни чақиртириб, нима учун халқ билан ўртага одам қўйиб гаплашишига изоҳ сўраган. Артистларга Сергелидаги уйлар ва метро қурилишини молиялаштиришда ҳисса қўшиш талаб қилинган. Бу гаплар қанчалик рост ёки уйдирма эканини билмайман, аммо кўпчиликнинг оғзидан эшиттим. Шамол бўлмаса, дарахтни учи қимирламайди, дейишади-ку, - дейди Озодлик мобил мухбири.
Камбағални урма, сўкма - тўйига бориб, пулини ол
Озодлик “Ўзбекнаво” эстрада бирлашмасидаги манбалари ва қўшиқчилар билан суҳбат асносида “халқ учун оғирлик қиладиган миқдорда катта пулни бирров тўйга келиб олиб кетаëтган” ашулачиларга дакки берилганини аниқлади.
Эстрада бирлашмасидаги Озодлик манбасига кўра¸ тўй ўтказаман деб қарзга ботган ватандошлардан бири бош вазирнинг виртуал қабулхонасига арз ëзганидан кейин, бу холат назоратга олинган:
- Исмини айтмайман, лекин жуда машҳур ашулачи бирровга тўйга келиб, 10 минг доллар олиб кетган. Тўй эгаси бу пулни қарзга олиб қайтариб бера олмаган¸ залогга қўйилган уйидан ажралишига сал қолган. Гапни қисқаси шу. Одам порталга ëзганидан кейин катта "разбор" бўлди. Ашулачини обориб обкелишди. Кейин мажлисда тушунтирилди¸ - дейди манба.
Унинг ишонишича¸ воқеада айбдор, дея кўрилган ашулачига айбини ювиш учун "қурилаëтган метрога моддий ёрдам кўрсатиш" таклиф қилинган.
Мажбурлаган 3 йил қамалади
Ўзбекистондаги қўшиқчилар¸ давлат тадбирлари ва пахта йиғим –теримидаги концертларда бепул қатнашишга мажбурлангани айтилади.
Ўзбекистоннинг яқин тарихида бадавлат ватандошларни ҳомийликка мажбурлаш амалиëти марҳум президентнинг тўнғич қизи Гулнора Каримова исми билан боғланади.
Ўзбекистондаги кичик тадбиркорлар Фонд Форум жамғармасининг лойиҳаси бўлган “Асрлар Садоси” анъанавий маданият фестивали учун 2013 йилда пул тўлашга мажбурлангани ҳақида Озодлик мақола эълон қилган эди.
Бунинг ортидан тадбиркорларни ҳомийликка мажбурлашни тақиқловчи қонун қабул қилинди.
2015 йил 31 июлда қабул қилинган ушбу қонуннинг 192-(4) моддасига кўра¸ “Тадбиркорлик субъектларини ҳомийликка ва бошқа тадбирларга мажбурий жалб этиш”бир йилдан уч йилгача озодликни чеклаш ёки уч йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.