Тожикистон президенти Эмомали Раҳмон Душанбега Ўзбекистон расмий делегациясининг келганини “давлатлараро муносабатларни ривожлантириш йўлидаги муҳим қадам” сифатида баҳолади.
Бу ҳақда у 27 декабрь куни Ўзбекистон делегацияси раҳбари Рустам Азимов билан Душанбеда ўтган учрашув пайтида гапирди.
Эмомали Раҳмон Ўзбекистон томонининг Тожикистон билан авиақатновларни тиклаш ташаббусини ўта ижобий воқеа сифатида қабул қилишини айтди.
Тожикистон президентига кўра, темир йўл орқали юк ташиш тарифларини арзонлатиш, электр энергиясини импорт ва экспорт қилишни қайта йўлга қўйиш, виза тизимини енгиллаштириш ва чегара масалаларини ҳал қилиш Ўзбекистон билан муҳокама қилиниши зарур бўлган биринчи галдаги муаммолардир.
Ўзбекистон бош вазир муовини Рустам Азимов бошчилигидаги ҳукумат делегацияси 27 декабрда Душанбега борган эди.