Шавкат Мирзиёев ўқитувчи ва олимлар билан учрашди

Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев 30 декабрь куни мамлакатнинг етакчи илм-фан вакиллари билан учрашди.

ЎзА агентлиги тарқатган бу хабарда айтилишича, учрашувда ҳукумат аъзолари, вазирлик ва идоралар, давлат ва жамоат ташкилотлари, тижорат банклари раҳбарлари, Фанлар академияси аъзолари, етакчи олий ўқув юртлари ректорлари иштирок этган.

Президент учрашувда "илм-фан билан шуғулланиш, янги кашфиёт ва ихтиролар қилиш игна билан қудуқ қазишдек гап. Шундай экан, бу машаққатли соҳада фидокорона меҳнат қилаётган олимларимиз меҳнати таҳсин ва рағбатга муносиб", деган.

Мирзиёев, юқори технологик илмий маҳсулотларни амалиётга жорий этиш учун янги замонавий тажриба-ишлаб чиқариш, конструкторлик-технологик ташкилотлар ҳамда инновация марказларини ташкил этиш зарурлиги ҳақида гапирган.

У, шунингдек, хорижнинг етакчи ўқув ва илмий муассасаларида таълим ва илмий даража олган ватандошлар учун мамлакатда қулай шарт-шароитлар яратиб бериш, уларни рағбатлантириш чораларини кўриш лозимлиги айтган.

Мустақиллик йилларида илм-фан билан шуғулланувчи институтларда маош жуда ҳам оз бўлгани, янги инновация ва ихтиролар етарлича тақдирланмагани учун бир қанча олимлар хорижга чиқиб кетгани айтилади.