Истанбулда тунги клубга ҳужум қилган шахсни қидириш ишлари давом этмоқда

Tунги клубга қилинган ҳужумда 39 одам ҳалок бўлди.

Истанбулда 1 январга ўтар кечаси тунги клубга ҳужум қилган шахсни қидириш ишлари давом этмоқда. Ҳужумда 39 киши ҳалок бўлган ва 69 киши жароҳат олган.

Расмийларга кўра, ҳалок бўлганлардан 24 нафари хориж давлатлар ватандошидир. Яраланганлардан 4 нафарининг аҳволи оғир экани айтилмоқда.

ТАСС агентлигининг Истанбулдаги Россия консулхонасига таяниб хабар беришича, ҳалок бўлганлардан бир нафари Россия, камида бир нафари Саудия Арабистони, уч нафари Иордания, уч нафари Ироқ ва яна уч нафари Ливан ватандоши бўлган.

1 январь куни тунги соат бирлар атрофида қуролли шахс Истанбулнинг Ўртакўй минтақасида жойлашган Reina номли клубга кирган ва янги йилни қутлашга тўпланган одамларга қарата автоматдан ўт очган.

Клубда камида 500 одам бўлгани айтилмоқда. Одамларнинг баъзилари омон қолиш умидида ўзларини Босфор бўғозига отганлар.