Истанбулнинг Зайтунбурни маҳалласидаги ўзбеклар яшайдиган уйларда 1 январь оқшомида тинтув ўтказилди. Бу ҳақда хабар қилган шу маҳаллада истиқомат қилувчи Озодликнинг мобил мухбирига кўра, тинтув 4 соат давом этган. У ўз уйи балконидан туриб туширган видеотасвирни жўнатди.
Тасвирда Истанбул шаҳар терроризмга қарши кураш гуруҳи зобитлари тушган машиналар Зайтунбурни маҳалласидаги уйларни ўраб олгани акс этган.
"Тинтув мобайнида шубҳали, деб ҳисобланган муҳожирлар Истанбулнинг Қумқопи мавзеидаги хорижликларни жўнатиш маркази (Kumkapi GGM)га олиб кетилди", деди мобил мухбиримиз.
Xорижликларни жўнатиш маркази матбуот вакилининг Озодликка айтишича¸ мухожирларнинг Туркияда яшаш ва ишлашга рухсати ҳамда халқаро қидирув рўйхатларида бор-йўқлиги аниқланмоқда.
Озодлик мобил мухбирининг айтишича¸ тинтув ўтказилаëтган вақтда тасвирга олиш ва қўл телефонидан фойдаланишни полиция ходимлари тақиқлаб қўйган.
- Мен 10 дақиқа видео-тасвирга олганимдан кейин полиция ходими келиб тасвирга олишимни тақиқлаб қўйди. Текширилаëтган уйларда Ўзбекистон¸ Қозоғистон¸ Қирғизистон¸ Туркманистондан келган мухожирлар истиқомат қилади. Шунингдек, бу уйларда уйғур ва чеченлар ҳам яшайди. Бу уйларни бирма-бир тинтишмоқда, деди суҳбатдош.
Бир вақтлар Ўзбекистонда ишлаган, ҳозир Истанбулда яшаëтган сиëсатчи Исмоил Чингизнинг Озодликка айтишича¸ текширувлар 1 январга ўтар кечаси амалга оширилган ҳужумни Ўзбекистон ёки Қирғизистон фуқароси содир этгани тахмин қилинаётгани ортидан бўлмоқда.
Бунга қадар Туркияда чоп этиладиган "Ҳуррият" ва "Қарор" газеталари хавфсизлик кучлари бу ҳужумни ИШИД террор гуруҳига боғлаётгани ҳақида хабар қилган эди. Шунингдек, ушбу газеталар ҳужумчининг Ўзбекистон ёки Қирғизистон фуқароси экани тахмин қилинаётганини ёзган.
Ижтимоий тармоқларнинг турклар фаол бўлган сегментида “мамлакат тинчини бузаëтган муҳожирларни мамлакатдан чиқариб юбориш талаблари янграмоқда.
Озодликнинг Истанбулдаги мухбири Элвира Буғдойчиеванинг айтишича¸ террор ҳужумлари билан боғлиқ ҳабарларда ўзбек ëки қирғизларнинг номи тилга олинишидан муҳожирлар безган:
- Мен гаплашган қирғиз студентлар ўз ҳавотирини яширишмаяпти. Лекин Туркия жамиятида қирғиз ëки ўзбекларга қарши кайфият умуман йўқ. Улар террорчи ва оддий муҳожир ўртасида боғлиқлик йўқлигини билишади¸ деди суҳбатдош.
Мухбиримизга кўра¸ 1 январга ўтар кечаси амалга оширилган ҳужумда янги йилни қутлаётган 39 киши қурбон бўлди¸ 69 киши яраланди.
Матбуотда ëзилишича¸ Калашников автоматидан ўқ узган қотил 8 марта ўқдон алмаштирган.
Мухбиримизнинг расмий маълумотларга таяниб айтишича¸ ўлганлар орасида ўзбеклар йўқ.
ИШИД ("Исломий давлат" террор гуруҳи) 2 январь куни тарқатган баёнотида "ҳалифаликнинг аскарлари насронийлар ўзларининг куфр байрамларини нишонлаётган кезда", ҳужумни амалга оширди, деб даъво қилди.
Ўтган йилнинг 15 июль куни Туркияда бир гуруҳ ҳарбийлар давлат тўнтариши амалга оширишга урингани ортидан мамлакатда фавқулодда ҳолат эълон қилинганидан кейин бу мамлакатда яшайдиган ўзбеклар ҳам назорат остида қолгани айтилади.
Ўтган йилнинг июлидаги амалиётларда ҳибсга олинганлар орасида 100 дан ортиқ одам Туркияда ноқонуний яшаб келган ўзбеклар эканига оид маълумотлар Озодликда мавжуд.