Ўзбекистонда Қорқиз ролини ўйнаган йигит калтакланди

Фейсбукдаги видеодан олинган скриншот.

Ўзбекистон шаҳарларидан бирида Қорқиз кийимини кийган ёш йигит кўчада одамлар томонидан калтакланди ва ҳақоратланди. Бу тўғридаги видео ижтимоий тармоқларда кенг тарқалди.

2 январь куни Фейсбукка қўйилган видеода сўзлашув нормативидан йироқ гаплар бор ва унда эркаклар тарафидан уят сўзлар, сексизм, зўровонлик, гомофобия унсурлари акс этган.

Гап-сўзлардан мазкур воқеа Андижонда бўлганини таҳмин қилиш мумкин. Калтакланган бола эса видеода ўзининг асакалик эканни айтган.

Фейсбукда қолдирилган изоҳлардан, Қорқиз кийимини кийган йигит гомосексуал эмаслигини, у пул ишлаш учун Қорқиз ролини ўйнаганини билиш мумкин.

"Ўзбекистон шароитида Қорқиз ролига қизлар ҳамиша ҳам талабгор бўлаверишмайди, шу боис кўпинча бу ролни ҳам эркаклар ўзларига олишмоқда. Ўтган йили Хоразм вилоятида қорқизлар зўрлангани боис, бу йил ўғил болалар қорқиз ролини ўйнагани кузатилди", деб ёзди eltuz.com сайти.