Қирғизистон Истанбулдаги тунги клубга ҳужум қилган шахсни аниқлашга уринмоқда

Қирғизистон расмийларига кўра, улар Истанбулдаги тунги клубга ҳужум қилишда гумонланган шахсни аниқлашда Туркия билан ҳамкорлик қилмоқдалар. Айни пайтда, Туркия матбуотининг хабар беришича, муҳтамал ҳужумчининг хотини Истанбул полицияси томонидан қўлга олинган ва ҳозирда сўроқ қилинмоқда.

Янги йилга ўтар кечаси Истанбулдаги Reina номли клубга уюштирилган қуролли ҳужумда 39 киши ўлдирилган ва 69 киши яраланган эди.

Истанбулнинг Зайтунбурни маҳалласидаги ўзбеклар яшайдиган уйларда 1 январь оқшомида тинтув ўтказилди.

"Исломий давлат" экстремист гуруҳи 2 январь куни тарқатган баёнотида "Халифаликнинг аскарлари насронийлар ўзларининг куфр байрамларини нишонлаётган кезда", ҳужумни амалга оширди, дея даъво қилди.

Туркия полициясига кўра, қуролли ҳужумни содир этган шахс ҳозир ҳам қидирилмоқда.

Паспортдаги фото ва муҳтамал ҳужумчи видеоси

Қирғизистон Давлат Миллий Хавфсизлик Қўмитаси матбуот котиби Рахат Сулаймонов 3 январда Озодлик билан суҳбатда ижтимоий тармоқларга қўйилган паспорт фотоси юзасидан текширув ўтказилаётганини айтди.

2 январда ижтимоий тармоқларда эҳтимолий ҳужумчи экани тахмин қилинган Қирғизистон ватандоши Машрапов Яҳёнинг паспорти тарқалганди.

Роҳат Сулаймонов, хавфсизлик хизматлари айни гумонларни ҳозирда ўрганаётганини билдирди.

- Бу маълумотлар чиқиши биланоқ суриштирув ишлари бошланган. Машрапов паспорти топилганидан кейин Қирғизистон Хавфсизлик хизматининг Қорасув бўйича ходимлари унинг уйига бориб, туман хавфсизлик бўлимига олиб келиб, у ерда сўроқ ўтказди. Бу ҳақдаги маълумотларни зарурий текширувлар ўтказиб бўлгандан кейин матбуотга тарқатамиз, - деди Роҳат Сулаймонов.

CNN Turk телеканалига кўра, полиция Истанбул назорат камераларда қайд этилган 1000 соатга яқин видеотасвирларни ўрганиб чиққан.

Туркияда чоп этиладиган Hurriyet ва Karar газеталари ҳужумчининг Ўзбекистон ёки Қирғизистон фуқароси экани тахмин қилинаётгани ҳақида ёзди.

Ўзбекистон ҳукумати Истанбулдаги тунги клубга ҳужум уюштирганлар ўзбекистонлик бўлгани тўғрисида Туркия расмийларидан расмий маълумот олинмаганини маълум қилди.

Бу ҳақда ҳуқуқ тартибот тузилмаларидаги манбаларига таянган ҳолда 2 январь куни Новости агентлиги хабар берди.

Ижтимоий тармоқларда тарқалган видеотасвирларда муҳтамал ҳужумчининг Истанбул аэропорти чегара нуқтасида текширувдан ўтаётгани ва шаҳар марказидаги Тақсим майдонида телефон камерасига ўзи ва атрофни суратга олиб юрганини кўриш мумкин.

Браузерингиз HTML5 ни қўллаб- қувватламайди

Турк матбуоти Истанбулдаги ҳужумда гумонланаëтган йигит видеосини тарқатди

Ижтимоий тармоқларда тарқалган паспорт фотоси ҳам муҳтамал ҳужумчига ўхшаб кетади.

Қирғизистоннинг Қорасув шаҳрида истиқомат қилувчи Яҳё Машраповнинг ўзи АКИ Пресс агентлигига Истанбулдаги ҳужумга ҳам, видеотасвирлардаги шахсга ҳам ҳеч қандай алоқаси йўқлигини билдирди.

Суҳбатда Яҳё Машарипов Туркияга қатнаб, тижорат билан шуғулланишини айтди.

Қирғизистон Давлат Регистрация Хизмати раҳбари, Тайирбек Сарпашев Озодлик қирғиз хизмати билан суҳбатда, муҳтамал ҳужумчига оид маълумотлар ўрганилаётганини маълум қилди.

- Ўрганяпмиз. Ҳозир бизга (ҳужумчининг) паспорти ва сурати келиб тушди. Ҳозир текшираяпмиз. Маълумотларни ҳуқуқ-тартибот идораларига ҳам берамиз, - деди Тайирбек Сарпашев.

Туркияга сафар

Туркия ахборот агентликларининг 3 январда хабар беришича, Истанбул марказидаги тунги клубга ҳужум қилишда гумонланган шахснинг хотини Истанбул полицияси томонидан қўлга олинган ва ҳозирда сўроқ қилинмоқда.

Туркия матбуотига кўра, аёл сўроқ пайтида қонли ҳодиса ҳақида телевидениедан хабардор бўлганини айтган.

Туркия матбуотининг исми ошкор этилмаётган эҳтимолий ҳужумчининг хотинига таяниб хабар беришича, улар Қирғизистондан икки фарзанди билан 20 ноябрда учоқда Истанбулга, сўнгра автомобилда аввал Анқарага ва 22 ноябрда Коняга сафар қилганлар.

Ҳужумчи оиласи билан Коня шаҳрида кираси ойига 1,100 турк лираси (тақрибан 300 АҚШ доллари) бўлган квартирани уч ойга ижарага олган.

Эҳтимолий ҳужумчи Коняга иш топиш илинжида борганини айтган.

У 29 декабрда Истанбулга йўлга олгани ишонилади.

Туркия матбуоти эҳтимолий ҳужумчи хотинидан "ҳужумни телевизордан кўрдим. Эримнинг ИШИД аъзоси тугул, унинг хайрихоҳи бўлганини ҳам билмасдим," деган сўзларни иқтибос келтиради.

Туркия матбуотига кўра, қуролли ҳужум тафсилоти телевидениеда намойиш этилиши ортидан кирага олинган уй атрофида яшовчилар муҳтамал ҳужумчи ҳақида полицияга қўнғироқ қилиб маълумот берганлар.