Тошкентдаги Озодлик манбаларининг хабар беришича, Ўзбекистон Футбол Федерацияси (ЎФФ) президенти Мираброр Усмонов мамлакат миллий жамоаси бош мураббийи Самвел Бабаянга "Пахтакор" клубига ҳам расман бош мураббийлик қилишга рухсат берган.
Агар Самвел Бабаян ўз режасига содиқ қолса, яқин кунлар ичида у "Пахтакор"га бош мураббий қилиб тайинлангани ҳақида расмий хабарлар ҳам чиқиб қолиш эҳтимоли бор.
6 январда Самвел Бабаян билан учрашган Мираброр Усмонов унга бир вақтнинг ўзида икки вазифани бажаришга изн берган.
Озодлик манбаларидан бирининг айтишича, учрашув пайтида Самвел Бабаян терма жамоа йиғинлари оралиғида узоқ муддат мураббийлик амалиётисиз қолиб кетаётгани, бу эса унга терма учун селекция ишларини олиб боришга ҳалақит қилаётгани юзасидан шикоят қилган.
“Шунингдек, Самвел Бабаян Мираброр Зуфаровичга: "Пахтакор" клубининг Олий лигадаги иштироки натижалари кескин сусайгани ҳам терма жамоага салбий кўрсатди, деб ўйлайман. Шу сабабдан ҳам термада, ҳам клубда мураббийлик қилишимга рухсат берсангиз клубга ҳам, термага ҳам фойдалироқ бўлар эди", деб айтди”, - дейди Озодлик манбаси.
Озодликнинг "Пахтакор" футбол клубига яқин манбасининг айтишича, ЎФФ раҳбари билан суҳбатдан чиққач, Самвел Бабаян зудлик билан "Пахтакор"да мажлис ўтказган ва ҳамда яна клубга қайтиши мумкинлигини билдирган.
"Клуб ва академия ходимлари ва мураббийлари иштирокида ўтказилган ўша мажлисда Бабаян “Пахтакор”да расман бош мураббий сифатида иш бошлаши мумкинлигини, бунга Мираброр Зуфаровичдан ижозат олганини айтди”, дейди айни манба.
Унинг илова қилишича, мажлисда нутқ сўзлаган Самвел Бабаян "Пахтакор" клубини молиялаштириш тўлиқ Тошкент шаҳар ҳокимияти зиммасига ўтказилгани, бундан бу ёғига хусусий хомийлар (тошкентлик йирик тадбиркор Ботир Раҳимов назарда тутилмоқда - Озодлик) клубга пул ажрата олмаслигини маълум қилган.
"Шу сабабдан клубнинг молиявий таъминоти аввалгидан ҳам оғирлашиши аниқ. Бундай вазиятда кўзга кўринган баъзи футболчиларимизни бошқа клубларга сотиб кун кўришдан бошқа чорамиз йўқ", деди Самвел Вячеславович. Менимча, Бабаян “Пахтакор”нинг хоразмлик ярим ҳимоячилари Жалолиддин Машарипов ва Жамшид Искандаровларни ҳам бошқа клубларга сотса керак”, - деди айни манба.
Озодлик манбаларига кўра, яқин кунларда “Пахтакор” футбол клуби айни дамдаги бош мураббий Григорий Колосовскийни ишдан олиб, ўрнига Ўзбекистон миллий терма жамоасининг бош мруаббийси Самвел Бабаянни бош мураббий қилиб тайинланганини расман эълон қилиши кутилмоқда.
Бу Самвел Бабаяннинг бир вақтнинг ўзида ҳам Ўзбекистон миллий терма жамоаси, ҳам Тошкентнинг “Пахтакор” клубига бош мураббий бўлганини англатади.
46 ёшли Самвел Бабаян ўзбекистонлик мухлислар орасида футбол маъмури ва мураббийси сифатида танилган.
Унинг фаолияти 1993 йилда Тошкент вилоятининг "Политотдел" жамоасида маъмурликдан бошланди.
Кейинчалик Наманганнинг "Навбаҳор" ва Тошкентнинг "Пахтакор" жамоаларида айни вазифани бажарди.
2002 йилдан 2015 йилгача "Пахтакор"да вице-президент ва бош менеджер (мураббий) бўлиб ишлади.
2015 йилдан айни пайтгача Ўзбекистон миллий терма жамоасида бош мураббий бўлиб ишлаб қелмоқда.
2015 йилда Ўзбекистон олимпия терма жамоасига ҳам устозлик қилишга улгурди.
Ўзбекистоннинг энг машҳур ва етакчи футбол жамоаси ҳисобланган "Пахтакор" 1956 йил ташкил этилган.