Москва полицияси ўзбекистонлик аёлнинг боласи олиб қўйилганига оид иддаони рад қилди

Москва шаҳар полицияси Кунцево районида яшаётган андижонлик аёлнинг 1 яшар боласини тортиб олганига оид иддаоларни рад қилмоқда.

ТАСС агентлигининг полиция матбуот хизматига хабар қилишича, полиция ходимлари "ҳужжатлари бўлмаган ўзбекистонлик аёлнинг бир ёшлик гўдагини тортиб олмаган, балки юқумли касалликлар шифохонасига олиб бориб ётқизган".

Полиция вакили агентликка: "Бола, онасининг сўзларига кўра, бир неча кун хаста бўлгани ва ҳарорати юқори бўлгани боис, ходимларимиз "Тез ёрдам"ни чақиришди. Бола шаҳардаги 1-Юқумли касалликлар шифохонасига ётқизилди", дея маъулмот берди.

Бир ёшли гўдаги билан Россия пойтахтида яшаётган 30 яшар Нилуфар Мамасаидова эса 26 декабрь куни Москвадаги уйини ўғри ургани, нарсалари билан бирга ҳужжатлари ҳам ўғирлангани, полицияга ўғирлик тўғрисида ариза ёзишга борганида эса қўлга олинганини даъво қилмоқда.

Адвокати Баҳром Исмоилов Нилуфардан, шахсини тасдиқловчи ҳужжатлари йўқлиги учун 1 яшар қизи Манижани полиция ходимлари олиб қўйиб, касалхонага ётқизганини айтган. Нилуфарнинг ўзи эса 3 кунга қамалган.

Нилуфар ва унинг қизи ишига Россия президенти ҳузуридаги бола ҳуқуқлари бўйича вакил – Бола Омбудсмани – Анна Кузнецова аралашди.

Бу ҳақда хабар қилган kommersant.ru нашрига кўра, Кузнецова “Ўзбекистон фуқаросига унинг 1 яшар қизини қайтариш учун зарур шартларни яратиш зарурлиги” тўғрисида баёнот берган.

Мамасаидованинг адвокати Баҳром Исмоилов полиция ходимларининг ноқонуний ҳаракатлари устидан Москва шаҳар, Кунцево район прокурорига ариза топширишини билдирган.