Ўзбекистон пойтахтида мамлакатнинг янги президенти Шавкат Мирзиёев учун офис ва қароргоҳ қуриш ишлари бошлаб юборилди. Бу ҳақда Центр1 нашри хабар қилади.
Мирзиёев ишлайдиган ва қурилиши 5 январдан бошланган идора биноси Тошкентдаги Шароф Рашидов ва Бешёғоч кўчалари орасида жойлашиши айтилмоқда. Шу кунда янги президент мамлакатни Ўзбекистон Сенати биносидан ажратилган хоналардан туриб бошқараяпти.
Ўзбекистоннинг биринчи президенти учун идора вазифасини ўтаган “Оқсарой” қароргоҳи Ислом Каримов музейига айлантирилади. Озодлик манбаларига кўра, мазкур музей Каримов таваллуд топган кунда, яъни шу йил 30 январида очилиши кутилмоқда.
Мирзиёевнинг янги иш жойи “Оқсарой” қароргоҳининг орқасида жойлашади.
Мирзиёев аввалги президент истиқомат қилган Дўрмон ва Кўксарой қароргоҳларини ҳам эгалламайдиган бўлди. Унга атаб Буюк Ипак йўли кўчасида янги қароргоҳ қурилмоқда. Озодлик манбаларига кўра, 14 декабрда президент ўлароқ қасамёдга келтирилган Шавкат Мирзиёев ҳозирда ишга пойтахтдаги Мирзо-Улуғбек тумани Қорасув-2 мавзесидаги ўз ҳовлисидан қатнаяпти.