Россиянинг барча минтақаларида визасиз мамлакатлардан кириб келган хориж ишчиларига зарур бўлган ишга рухсатнома - патентнинг бир ойлик нархлари эълон қилинди. Ҳисоб-китобларга кўра, 2017 йилда Россиянинг кўплаб вилоят ва ўлкаларида ойлик патент тўловлари ошди.
Россияда 2017 йилга белгиланган ишга рухсатноманинг ойлик нархлари аниқланди.
Маълумки, Россиянинг ҳар бир республика, вилоят ёки ўлкаси патент тўловлари миқдорини ички эҳтиёжидан келиб чиқиб ўзи тайинлаши миграция қонунчилиги томонидан белгиланган.
Шундай қилиб, Россиянинг аксар минтақаларидапатент тўловлари оширилгани кузатилди.
Энг кўп патент нархи оширган мамлакатнинг Шимоли ва Узоқ Шарқидаги ҳудудлар бўлди. 2017 йилда энг кўп ойлик патент тўловларини Саха-Ёқутистон (8762 рубл), Ямал (8219 рубл) ва Ненец (7504 рубл) автоном округлари ҳамда Амур вилоятида (5302) меҳнат қилаётган хориж мигрантлари тўлайди.
Ишсизлик юқори даражада қолаётган Ингушетия ҳукумати ойлик патент тўловларини 2 мингдан 4 мингга кўтарди.
Россиянинг атиги олти ҳудудида патент тўловлари нархлари ўзгармасдан қолди. Булар Санкт-Петербург ва Москва шаҳарлари, Калуга, Кемерово, Омск, Москва вилоятларидир.
Айрим минтақаларда эса депутатлар патент тўловлари нархларини бироз туширишга қарор қилди. Орёл вилоятида патентнинг ойлик тўлови 4269 дан 4265 рублга камайди.
Ҳаммани эса ҳайратда қолдирган Ленинград вилояти Қонунчилик йиғини вакиллари бўлди. Улар томонидан ўрнатилган патент тўловлари 2017 йилда 3 минг рубл эмас, балки ...2999 рубл қилиб белгиланди! Санкт-Петербург шаҳрининг ўзида эса нархлар 3 минг рубллигича қолди.
Россия ҳукумати патент тўловлари нархларининг ўзгартирилиши орқали у ёки бу ҳудудда мигрантлар оқимини бошқара олишига ишониб келаётир.
Айни пайтда, Россия Миграция департаменти охирги бир неча ойда мигрантлар оқими кескин ошгани ва ўтган йилга нисбатан 200 мингга кўпайганини хабар қилмоқда. Россия ҳукумати меҳнат муҳожирлигидан тушаётган даромадлар айрим минтақаларда нефт-газ компанияларидан олинаётган солиқлардан ошиб тушганини Озодлик ёритган эди.
Расмий маълумотларга кўра, масалан, Москва бюджетига меҳнат муҳожирлардан тушган фойданинг қарийб ярми ўзбекистонликлар тўлаган солиқ ҳисобига қўлга киритилган.
Бугунги кунда Россияда 10 миллиондан зиёд муҳожир истиқомат қилиб келади. Мутахассислар улардан 4 миллиони ноқонуний фаолият юритаётганига эътибор қаратмоқда.