Тошкентда алимент ундиришга милиция ва маҳалла жалб этилади

Ўзбекистон пойтахтида алимент ундириш ишлари бундан буён нафақат суд ижрочилари, балки бошқа давлат органлари ва жамоат ташкилотлари, жумладан, участка нозирлари, маҳалла қўмиталари вакиллари ва иш билан таъминлаш бўлимлари билан ҳамкорликда амалга оширилади.

Газета.уз нашри хабарига кўра, бу ҳақда алимент тўламаганларга қарши кураш бўйича янги чора-тадбирларга бағишланиб 6 январ куни Тошкент шаҳар ҳокимиятида ўтказилган матбуот анжуманида айтилган.

Тадбирда алимент тўлаш бўйича қарзи бўлган ишсиз фуқаролар қонуний тартибда ишга жалб қилиниши айтилган. Бу ишни амалга ошириш учун меҳнат бошқармаси маҳаллалар, ички ишлар органлари ва суд ижрочилари билан биргаликда қарздорга мониторинг асосида вакансияларни таклиф этади. Рад этилган тақдирда, суд ижрочиларига улар ишини жиноий судларга ошириш ҳуқуқи берилган.

Бўлғуси суд ишларининг олдини олиш учун судларга ажрашув тўғрисидаги ишларни кўриб чиқишда бир вақтнинг ўзида мол-мулкни бўлиб олиш, болалар таъминоти, алиментларни тўлаш ва фарзандларнинг у ёки бу ота-она билан яшаши масалаларини ҳам кўриб чиқиш таклиф қилинган. Никоҳ шартномаларини мажбурий равишда жорий этиш имкониятлари ҳам кўриб чиқилмоқда.

“Алиментларнинг тўланмаслигига қарши кураш бўйича таклиф этилаётган чоралар қаторидан қарздорлар ва уларнинг оила аъзолари билан тушунтириш ишлари олиб бориш ҳам кўзда тутилмоқда. Қарздорлар, аввалгидек, чет элга чиқиш имкониятидан вақтинча маҳрум этилади”, деб ёзади Газета.уз.