Шу кунгача асарлари Ўзбекистонда тақиқланган 63 яшар ëзувчи Абдулҳамид Исмойилнинг Жинлар базми ëхуд катта ўйин деган асари 27 йиллик тақиқдан сўнг Ўзбекистонда чоп қилинди.
Озодлик билан суҳбатда муаллифнинг ўзи китоб чоп бўлганидан мамнунлигини билдирди.
Британияда яшаб ижод қилаётган адиб Абдулҳамид Исмоиловга кўра¸ “Жинлар базми ёхуд катта ўйин” номли янги роман улуғ ўзбек ёзувчиси Абдулла Қодирийнинг чоп этилмаган романи ҳақидаги руҳий кечинмаларидан таркиб топган.
“ Ҳали КГБ архивлариги кириш мумкин бўлган пайтда мен анча материал тўплаган эдим. Шу маънода романнинг бир томони бадиий, бир томони ҳужжатли. Абдулла Қодирийнинг қамалган пайтиидаги кечинмаларидан иборат¸ дейди суҳбатдош.
Британиялик ўзбек адибининг китоби Тошкентда чоп қилингани баробарида Ўзбекистондаги Ëшлик журналида бу китоб ҳақида кичик бир тақриз ҳам босилди.
Тошкентлик мунаққид филология фанлари номзоди Шуҳрат Ризаевнинг
“Мутолаа завқи” мақоласида бу асар буюк аждодимиз ҳақидаги дастлабки ва ҳозирча ягона роман дея тарифланади:
-Бу асарнинг воқеалари асосан ёзувчининг бадиий хаёлоти маҳсули, айни пайтда, тарихий ҳужжатлар билан мантиқан далилланган, айтиш мумкинки, тарих ва бадиий хаёлот ажабтовур муштараклик кашф этган бақувват роман. Абдулла Қодирий миллатимизнинг армони бўлгани ҳолда, адибнинг ўзи ҳам ёзиб улгурмаган асарлари учун буюк армон билан ўтган ижодкордир дея таъкидланади мақолада.
Мунақид ўз мақоласи давомида Абдулҳамид Исмойил романи лейтмотивига назар солади:
-Ёзувчининг ўзи эътироф этганидек, “Амир Умархоннинг канизаги” номли бир роман яратиш ниятида жуда кўп тарихий асарларни ўрганган, канизакнинг қисмати билан боғлиқ маълумотларни излаган. Машҳур шоҳ ва шоир Амир Умархоннинг канизи бўлган Ойхон ниҳоятда аччиқ қисмати билан ўқувчини ўзига боғлаб қўяди. Бениҳоя гўзал қизнинг тақдир тақозоси билан у қўлдан бу қўлга ўтиб, мислсиз азоблар чекиши Абдулла Қодирийни қанчалар ҳазин ҳолатга солса, ўқувчида ҳам юрак-юракдан ачиниш ҳиссини уйғотади. Бора-бора азоблари туфайли ўз қаҳрамонини севиб қолган Абдулла Қодирий каби “Жинлар базми ёхуд катта ўйин” асарини уқиб мутолаа қилган китобхон ҳам Ойхонни севиб қолиши мумкин.. дея якунлайди ўз фикрини мунаққид.
Асар муаллифи Абдулҳамид Исмойил романга сўнгги нуқтани қўйгани ва Қодирий ҳақидаги барча ғуссаларини акс эттириб бўлгании айтади.
-Юрагимни бўшатиб бўлдим. Жуда кўп эҳтиросларим¸ жуда кўп руҳий кучларим бу романга сингган. Ҳали ҳам ўқисам ичларим зил кетади¸ дейди ëзувчи.
Қирғизистоннинг Тўқмоқ шаҳрида туғилган Абдулҳамид Исмои ижодини назмдан бошлаганини айтади.
Абдулҳамид Исмойил Тошкент Давлат университетининг Филология факултетида тахсил олган.
Адибнинг қатор шеърий тўпламлари ҳамда насрий асарлари Ўзбекистон, Россия, АҚШ, Британия ҳамда бошқа Ғарб ўлкаларида нашр этилган.
Ëзувчининг асарлари чет эллик китобхон ва мунаққидлар томонидан илиқ кутиб олинган.
Ҳамид Исмоил Лондонда жойлашган “BBC” телерадиокорпорациясида фаолият юритади.