Москва шаҳри Кунцево туман суди ўзбекистонлик 30 яшар Нилуфар Мамасаидовани бир ёшли қизи билан бирга Россиядан чиқариб юборишга қарор қилди.
РИА Новости агентлиги берган хабарга кўра, Мамасаидова Москвага кириш тартибини бузган, деб топилган. Унинг зиммасига 5 минг рубллик жарима ҳам юкланган.
Агентликка кўра, Ўзбекистон элчихонаси Мамасаидовага шахсини тасдиқловчи сертификат ва Кунцево тумани ЗАГС бўлими эса аёлнинг қизи Манижага туғилганлик ҳақида гувоҳномани тақдим қилган.
Россияда юрган ўзбекистонлик ва бошқа хайрихоҳлар унинг чиптаси учун пул йиғиб беришган ва шу тариқа, Мамасаидова Ўзбекистонга кетди, деб ёзмоқда «Ъ» нашри.
Бир ёшли гўдаги билан Россия пойтахтида яшаётган 30 яшар Нилуфар Мамасаидова полиция қизини асоссиз равишда тортиб олди, деб шикоят қилган, полиция эса буни инкор қилган эди.
Нилуфар Мамасаидова 26 декабрь куни Москвадаги уйини ўғри ургани, нарсалари билан бирга ҳужжатлари ҳам ўғирлангани, полицияга ўғирлик тўғрисида ариза ёзишга борганида эса қўлга олингани, боласи тортиб олинганини даъво қилган.
Нилуфар ва унинг қизи ишига Россия президенти ҳузуридаги бола ҳуқуқлари бўйича вакил – Бола Омбудсмани – Анна Кузнецова ҳам аралашди.