Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев мамлакатдаги эркин иқтисодий ҳудудлар фаолиятини танқид қилди. Йил якунларига бағишлаб 14 январь куни ўтказилган ҳукумат мажлисида сўзларкан, Мирзиёев Ўзбекистон иқтисодиёт вазири Галина Саидовага юзланди.
“Ўз вақтида, Галина Каримовна, шахсан сиз ва [ташқи иқтисодий алоқалар, инвестициялар ва савдо вазири] жаноб Элёр Ғаниев эркин иқтисодий зоналар ташкил этишни таклиф этган эдингиз. Бу – яхши ташаббус, лекин у охиригача аниқ ҳаракатлар билан мустаҳкамланмади”, деди Ўзбекистон президенти.
Мирзиёев сўзининг исботи учун “Навоий” эркин иқтисодий зонаси бўйича маълумотларни келтирди.
“Ўтган 8 йил мобайнида бу ерда атиги 24 та лойиҳа амалга оширилиб, уларда тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар улуши жуда паст ва атиги 900 та одам ишга жойлаштирилган. Ўтган йили эса маҳсулот ишлаб чиқариш ҳажми 24 фоизга пасайган”, деди Шавкат Мирзиёев.
Президент куни кеча принципиал жиҳатдан янги асосларда “Ургут”, “Ғиждувон”, “Қўқон” ва “Ҳазорасп” эркин иқтисодий зоналарини ташкил этиш бўйича фармон имзолаганини қайд этаркан, бундан буён “ўтган йиллардаги хатоларни яна такрорлашга энди йўл қўйиб бўлмаслигини урғулади. Самарқанд, Бухоро, Фарғона ва Хоразм вилоятларида эркин иқтисодий ҳудудлар ташкил этиш тўғрисидаги фармонни Мирзиёев 12 январь куни имзолаганди.