Ўзбекистон биринчи президенти Ислом Каримовнинг тўнғич қизи Гулнора Каримова пул ювганлик айблови бўйича декабрь ойида Тошкентда швейцариялик прокурорлар саволларига жавоб берди. Бу ҳақда Wall Street Journal нашри Каримованинг адвокати сўзларига таянган ҳолда хабар қилади.
Бу хабар уч йил муқаддам жамоатчилик назаридан ғойиб бўлган Гулнора Каримованинг қаердалигига оид саволларга ойдинлик киритгандек бўлди.
Каримова Тошкентдаги ҳовлисида уй қамоғида ушлаб турилгани айтилса-да, шу кунгача бу борада ишончли маълумот йўқ эди.
Гулнора Каримова кўп миллионли коррупцион жанжалда гумонланувчи саналса-да, шу пайтгача бу борада очиқ маҳкама ўтказилгани маълум эмас.
Гулнора Каримованинг сентябрь ойида президент Ислом Каримов дафн маросимида қатнашмагани ҳам унинг қаердалиги ҳақида жавобсиз саволлар туғдирганди.
Бироқ, Wall Street Journal нашрининг ёзишича, 9 ва 10 декабрь кунлари Каримова хоним Ўзбекистон пойтахтида швейцариялик икки прокурор саволига жавоб берган. Швейцария суди томонидан Гулнора Каримовага адвокат этиб тайинланган Gregoire Mangeat ўз мижози билан икки марта юзма-юз гаплашишга муваффақ бўлганини айтган.
“Унинг соғлиғи нисбатан дуруст эди, бироқ хавфсизлиги мутлақо кафолатланган эмас”, деган швейцариялик адвокат.