Ўзбекистон бош вазири ўринбосари Адҳам Икромов ва Қирғизистон бош вазири ўринбосари Жениш Разақов 16 январь куни Ўш шаҳрида учрашиб, икки давлат чегараси делимитацияси ва демаркациясига оид масалаларни муҳокама қилди.
Қирғизистон ҳукумати матбуот хизматининг маълум қилишича, бош вазир муовинлари учрашувида Разақов Ўзбекистон ва Қирғизистон ўртасида ҳамкорлик ва дўстлик алоқаларини мустаҳкамлаш, чегаранинг аниқлаштирилмаган участкалари бўйича позицияларни тезроқ мувофиқлаштириш зарурлигини урғулаган.
Чегара масалаларига бағишлаган бу музокаралар 17 январь куни ҳам давом эттирилиши айтилмоқда.
Ўзбек ва қирғиз расмийларининг бу галги учрашуви аввалгиларидан фарқли равишда ёпиқ эшиклар ортида ўтаяпти.
2016 йил декабрида учрашган президентлар Мирзиёев ва Атамбаев ўз мамлакатининг масъул мулозимларига 2017 йил январь ойи ўрталаригача чегара бўйича барча муаммоларни аниқлаш вазифасини топширишганди.
1378 километрга узанган ўзбек-қирғиз чегарасининг 320 километри, расмий маълумотларга кўра, ҳозиргача ҳам аниқланмай қолмоқда. Баҳсли участкалар туфайли авваллари чегараолди ҳудудларида турли келишмовчиликлар рўй бериб турган.