“Ҳақиқий факт шундан иборатки, агар Р. Азимовда ана шу жиддий камчилик ва муаммоларни кўриш хоҳиши бўлганида, уларни кескин бартараф этиш бўйича у зарур ташаббус кўрсатганида, биз бугун иқтисодий ва молиявий соҳаларда бундан ҳам юқорироқ натижаларга эришган бўлар эдик”.
Бу танқид Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Вазирлар Маҳкамасининг 14 январда ўтказилган кенгайтирилган мажлисида қилган чиқишида янгради.
Мамлакат раҳбари ўз чиқишида Бош вазирининг ўринбосари - Макроиқтисодий ривожлантириш, таркибий ўзгартиришлар, хорижий инвестицияларни жалб этиш комплексининг раҳбари Азимов Рустам Содиқовичнинг фаолиятидаги камчиликларни санаб ўтди.
Камчиликларни бартараф этиш учун таклифларни тайёрлашга Мирзиёев Азимовга 15 кунлик муҳлат белгилади.
“Сизга, Рустам Содиқович, 15 кун муддатда ушбу ишга барча иқтисодий ва молиявий органлар, банк муассасалари ва Ўрта махсус, касб-ҳунар таълими марказининг ҳудудий бўлинмалари ходимларини, шунингдек, барча бўғиндаги ҳокимлар ўринбосарларини жалб этишни назарда тутадиган, принципиал жиҳатдан янги, таъсирчан механизмни жорий этиш юзасидан аниқ таклифлар киритишни топшираман”, - деди Президент”, деб хабар қилди кун.уз сайти.