Тошкент вилояти ҳокимлиги Тўйтепага кўча бошлади

Тошкент вилоят ҳокимиятининг пойтахт марказидаги эски биноси.

Вилоят ҳокимлиги расмийсининг Озодликка билдиришича¸ ҳокимликнинг алоҳида бўлим ва бошқармаларини Ўртачирчиқ тумани маркази Тўйтепа шаҳарчасига кўчириш ўтган ҳафта бошланган:

- Ҳозирча ҳокимнинг қурилиш ишлари бўйича ўринбосари ўз бўлими билан Тўйтепага кўчди. Билишимча¸ улар Ўртачирчиқ туман ҳокимлиги биносига кўчиб киришган. Хотин-қизлар қўмитаси Тўйтепа марказига етмай туриб Маданият уйи бор¸ шунга кирган. Вилоят ҳокимлиги учун алоҳида бино қурилгунча¸ шунақа алоҳида бошқарма ва бўлимлар бошқа-бошқа жойда ишлаб туради. Қолганлар ҳозирча Сквердаги эски бинода. Март ойигача ҳамма кўчиши керак¸ деди Озодлик суҳбатлашган Тошкент вилояти ҳокимлиги масъули.

Айтилишича¸ вилоят ҳокими қабулига ëзилмоқчи бўлган шахслар эски бинода навбатга ëзилади¸ айни пайтда¸ ҳоким уларни Тўйтепада шанба кунлари қабул қилади.

Айни пайтда¸ вилоят ҳокимлиги расмий вебсайти ишламаяпти¸ ҳокимликнинг янги биноси ва иш тартибига оид сўнгги маълумотлар жамоатчиликка расман тақдим этилмаëтир.

Вилоят ҳокимлигини Тўйтепага кўчириш режасини президент Шавкат Мирзиëев декабрь ойида Тошкент вилояти Халқ депутатлари кенгашида эълон қилган эди.

Пойтахтдан 25 км. жанубда жойлашган 30 мингга яқин аҳолиси бор бу шаҳарчада¸ президентга кўра¸ икки-уч йил ичида катта қурилишлар қилинади¸ хусусан¸ Тўйтепани Тошкент шаҳри билан боғловчи магистраль йўл¸ қолаверса¸ кўплаб турар-жой ва офис бинолари қурилади.