Ўзбекистонда давлат мулкини хусусийлаштириш жараёни енгиллаштирилди.
17 январь куни президент имзолаган “Тадбиркорлик фаолияти ва хусусий мулкни янада ривожлантириш, давлат мулки объектларини сотишни соддалаштириш ва тезлатиш бўйича қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармонда давлат мулки объектларини сотишни соддалаштириш ва тезлатиш ҳамда стратегик аҳамиятга эга бўлмаган давлат мулкларини хусусийлаштиришда бюрократик тўсиқларни йўқотиш назарда тутилади.
Бундан ташқари, стратегик аҳамиятга эга бўлмаган корхоналарни ва уларнинг устав фондидаги давлат улушларини, давлат кўчмас мулк объектларини хусусийлаштириш, шу жумладан, “ноль” харид қийматида инвестиция киритиш шарти билан хусусийлаштириш тўғрисидаги қарорни қабул қилиш ҳуқуқи Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимларига берилиши қайд этилган.