Музокараларда иштирок этиш учун Остонага 22 январь куни Россия, Туркия ва Эрон вакиллари келди.
АҚШ томони анжуманда Қозоғистондаги элчи Жорж Крол Вашингтонни тамсил қилишини билдирди. Сурия мухолифати эса 50 кишидан иборат делегациясини юборган.
Сурия мухолифати вакили Яхё ал Аридий мана буларни айтди:
- Бу ерда иккита масала муҳокама қилиниши кутилаяпти. Биринчидан, Туркия ва Россия ўқ отишни тўхтатиш бўйича ўтган йилнинг 30 декабрида имзолаган шартнома мустаҳкамланиб, Суриянинг барча ҳудудларида амал қилиши лозим. Айни пайтда Сурия режими ва Эрон ўқ отишни тўхтатиш шартномаси шартларини бузаётганига эътибор қаратиш керак, -деди Яхё ал Аридий.
“Интерфакс” агентлигининг билдиришича, Сурия мухолифати вакиллари Сурия ҳукумат делегацияси таркибида ҳарбийлардан кўра сиёсатчилар кўпроқ эканидан норозлик билдирган. Мухолифатга кўра, улар аввал ҳукумат делегацияси таркиби асосан ҳарбийлардан иборат бўлишига келишиб олган эди.
БМТнинг Сурия бўйича махсус вакили Стефан де Мистура ҳам музокараларда иштирок этади.
Қозоғистон Ташқи ишлар вазирлигининг билдиришича, музокаралар 24 январда куннинг иккинчи ярмида якунланади. Шундан сўнг музокаралар натижаси бўйича якуний матбуот анжумани ўтказилади.