Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 19-20 январь кунлари Қорақалпоғистонга қилган сафари чоғида ўтказган мажлиснинг асосий эътибори кичик тадбиркорликни ривожлантириш ва шу йўл билан ишсизликка барҳам бериш, аҳолининг кам таъминланган қатламини камайтиришга қаратилди.
Мажлис давомида мамлакат раҳбари шу мақсадни амалга оширишга доир бир қатор тавсияларини ўртага ташлади.
Озодлик суҳбатлашган қорақалпоғистонликлар орасида Мирзиёевнинг таклифларини қўллаб-қувватлаётганлар ҳам, бу таклифларга жавобан мийиғида кулиб қўйганлар ҳам бор.
Мажлис давомида маҳаллий тадбиркорлар учун берилиши режалаштирилаётган имтиёзлар ҳақида гапирар экан, Шавкат Мирзиёев деди:
- Давлатдан жуда катта пулни олиб, тадбиркорга бераяпмиз. Биз 5-6 йил ўргатиб олайлик, кейин тадбиркор ўзи беради (пулни). Тадбиркор ўзи халқни боқиб олса – бўлди. Биз нима учун йиғамиз пулни банкка?!
Тадбиркорлар ишига халақит бермасликни Президент текширувчи ташкилотларга уқтирди:
- Бугун, мана, тадбиркорлар билан кўришдим. "Бизга тўсиқ бўлишмаса, бизга тегишмаса бўлди", дейишаяпти. Шунинг учун бош прокурорнинг ўринбосари Қорақалпоғистонга масъул ва жавобгар.
Мирзиёев “халқни боқиш” вазифасини тадбиркорларга юкладию лекин айни пайтда, унинг фикрича, халқ ҳам қараб ўтирмаслиги керак. Ҳар бир оиланинг ўз бизнеси бўлиши керак:
- Ҳар бир хонадоннинг кичкинагина бизнесини қилиб берайлик – бўлди. Улар биздан рози бўлади.
Ҳар бир хонадоннинг бизнеси қандай бўлиши тўғрисида эса, Мирзиёев мана бу гапни айтди:
- Қишлоқда яшайдиган ҳамма хонадон, умуман, республика бўйича, нафақат Қорақалпоғистон бўйича, 100 тадан товуқ боқишга мажбур. 100 та товуқ энг камида 50 та тухум беради. 10 тасини ўзи еб, агар ҳар куни 40 тасини сотсаям кам таъминланган оила бўлмайди.
Мирзиёев бу вазифани бажариш ҳақида ўйлашни ҳокимларга, аҳолини кредитлар билан таъминлашни банкларга топширди.
Шавкат Мирзиёевнинг Қорақалпоғистонда қилган нутқига ва хусусан¸ товуқ боқишга доир топшириғига муносабатини нукуслик ўқитувчи, 67 яшар Ўринбой Камоловдан сўрадик.
У кишининг айтишича, мамлакат раҳбари ўта долзарб масалани кўтарган. Унинг ўзи ҳам ўқитувчилик қилади, ҳам бир умр қўй-молу товуқ боқади. Шу кунда ҳам камида 15 та товуғи бор.
Браузерингиз HTML5 ни қўллаб- қувватламайди
Яна бир суҳбатдошимиз - хўжайлилик тадбиркор йигит. Ўзини Амир, деб таништирган бу қорақалпоқ йигит савдо-сотиқ билан – қуритилган мева - ўрик, майизни Самарқанддан олиб, Қозоғистонга олиб бориб сотиш билан шуғулланди.
Суҳбат асносида Амирнинг ҳам Мирзиёевнинг айтганларидан хабари борлиги билинди. Озодликнинг “Тадбиркор экансиз, Президент айтгандай, товуқ боқасизми?” деган саволига Амир бироз кулиб олди ва сўнг “Умримда қилмаганман бу ишни, қандай боқишни билмайман, ахир товуққа вақти-вақти билан дори бериб туриш керак, 100 та товуқ боққан одам бошқа ҳамма ишини йиғиштириб қўйиши, фақат товуққа қараши керак. Менинг товуқларим икки кундаёқ ўлиб қолса керак”, деди хўжайлилик савдогар Амир.
Президент Мирзиёевнинг нутқини шарҳлаган иқтисодчи, Ўзбекистон ҳукуматининг собиқ мулозими, Евроосиё университети доценти Сапарбой Жубаев унинг товуқ боқиш тўғрисидаги топшириғи атрофида фикр юритар экан, бундай деди:
- Фараз қилайлик, бутун аҳоли товуқ боқа бошлади. Унга комбикорм керак. Уни Россияданми ё бошқа давлатданми, сотиб олиш керак. Бунинг учун эса, сўм рус рублига, ёки украин гривнасига, ёхуд бошқа давлат пулига эркин конвертацияланиши керак. Демак, яна йиллардан буён ҳал этилмай келаётган фундаментал муаммоларга дуч келаверамиз, деди Сапарбой Жубаев.