Ўзбекистонда университет, завод ва кўчаларга Ислом Каримов номи берилади

Ўзбекистонда биринчи президент Ислом Каримов хотираси абадийлаштирилади. Бу борадаги Фармон президент Шавкат Мирзиёев томонидан 25 январь куни имзоланди.

Фармонда таъкидланишича, Тошкент давлат техника университетига, Асака автомобил заводига, Фарғонадаги санъат саройига, Тошкент халқаро аэропортига, Қорақалпоғистон, Тошкент ва вилоятлардаги марказий кўчаларга Ислом Каримов номи берилади.

Самарқандда Ислом Каримов дафн этилган жойда мемориал комплекс барпо этилади. Шунингдек, шаҳарларда Каримов ҳайкаллари ўрнатилади.

Фармонга биноан ҳар йили 30 январь куни Ислом Каримовнинг туғилган кунини нишонланади. Ислом Каримов вафот этган 2 сентябрь эса Фармонда Биринчи президентни хотирлаш куни, деб эълон қилинди.