Ўзбекистонда 2021 йилгача олий ўқув юртларига талабаларни қабул қилиш квотаси 18 фоизга оширилади. Бу ҳақда Ўзбекистонни ривожлантириш стратегиясини муҳокама қилиш бўйича Тошкентда ўтаётган медиа ҳафталикда иқтисодиёт вазири ўринбосари Дилмурод Турдиев маълум қилди.
Сўнгги йилларда Ўзбекистонда бакалаврларни тайёрлаш учун квота миқдори 57 907 ўринни ташкил этади ва бу миқдор кўп йиллардан бери ўзгармай қолмоқда. Олий таълим олиш истагидаги ёшлар сони эса кўпайиб бормоқда.
Масалан, ўтган йили Ўзбекистон олийгоҳларига 663 мингдан кўпроқ абитуриент ҳужжат топширган. Бу эса ҳар бир талаба ўрнига 11 номзод тўғри келганини англатади.
Ўзбекистонда 59 та олийгоҳ ва хориж давлатлари университетларининг 8та филиали мавжуд.