Ўзбекистондаги қатор олий ўқув юрти талабалари ва ўқитувчилари мамлакатни ривожлантириш бўйича таклиф қилинган 2017-2021 йилги ҳаракатлар стратегияси лойиҳасини видеоанжуманда муҳокама қилди.
Gazeta.uz сайтининг хабар қилишича, 28 январь кунги анжуман Тошкент давлат юридик университетида ташкил қилинган.
Унда ҳар бир олий ўқув юртидан 30 нафардан вакил, мутахассислар ва бир қатор давлат идоралари расмийлари иштирок этди.
Хабарда айтилишича, анжумандаги муҳокамаларда бир овоздан қабул қилинган таклифларни стратегия лойиҳаси устида ишлаётган комиссияга тақдим қилишга келишилган.
Шунингдек, олий ўқув юртларида талабалар билим сифатини баҳолаш тизимини жорий қилиш, қабул тизимини соддалаштириш таклиф қилинган.