Душанбе билан Тошкент ўртасида авиақатновлар очилиши кутилмоқда

Тожикистон Халқаро авиқатновлар расмийларига кўра, Тожикистон ва Ўзбекистон пойтахтлари ўртасида ҳаво қатновлари 2 ҳафтадан камроқ вақт ичида йўлга қўйилади.

Душанбе аэропорти матбуот котиби Жамила Ҳусейнованинг 30 январь куни Озодлик радиоси тожик хизматига билдиришича, тез орада Тошкентга парвоз қиладиган учоққа чипталарни сотиш бошланади.

Аэропорт расмийсига кўра, Ўзекистондан келган делегация ҳозирда Душанбеда. Делегация Сомон-эйр авиаширкати вакиллари билан билетлар нархлари устидаги маслани муҳокама қилаяпти.

Ҳозирча Сомон-эйрнинг ҳафтасига 1 марта Душанбе-Тошкент- Душанбе йўналишида парвозларни амалга ошириши режалаштирилмоқда.

Айтилишича, Ўзбекистон ҳаво йўллари ҳам шу йўналишда парвозларни амалга оширади.

Ўзбекистон ва Тожикистон делегациялари ўртасида ўтган йилнинг 30 ноябрида Душанбе шаҳрида имзоланган келишувда Ўзбекистон ва Тожикистон ўртасидаги авиақатновлар 2017 йилнинг январь ойидан қайта тикланиши мумкинлиги айтилган эди.

Ўзбекистон ва Тожикистон ўртасидаги авиақатновлар 1992 йилда тўхтатиб қўйилган.