Навоий тоғ-металлургия комбинати Oxus Gold'га қарашли кондан олтин қазиб олишни қайта бошлади

Ўзбекистондаги Навоий тоғ-металлургия комбинати Марказий Қизилқумдаги "Амантайтау" конидан олтин қазиб олиш ишларини қайта бошлади.

Регнум агентлигининг комбинат расмийсига таяниб пайшанба куни хабар беришича, аввал бу кон Британия билан ҳамкорликда ташкил этилган "Амантайтау Голдфилдз" ширкатига тегишли эди.

"Амантайтау Голдфилдз" мазкур конни 2003 йилда ишга туширган. Қўшма корхона акцияларининг 50 фоизи Oxus Gold, 40 фоизи Ўзбекистон геология ва минерал заҳиралар давлат агентлиги ва 10 фоизи Навоий тоғ-металлургия комбинатига тегишли бўлган.

2011 йилда Ўзбекистон ҳукумати кўшма корхона фаолиятини самарасиз, деб баҳолаган ва корхонани ликвидация қилган эди. Шундан сўнг Oxus Gold халқаро арбитражага мурожаат қилган. Бироқ 2015 йилда халқаро арбитраж трибунали Британия ширкати аризасини қаноатлантирмаган.

Хабарда айтилишича, "Амантайтау" кони жорий йил январь ойидан қайта ишга туширилган.Ундан йилига 1 миллион тонна маъдан қазиб олинади.

Аввалроқ Навоий тоғ-металлургия комбинати 2022 йилгача лойиҳавий қиймати 332 миллион 700 минг доллар бўлган учта олтин конини ишга туширишни режалаётганди хабар қилинган эди.

Навоий тоғ-металлургия комбинатида йилига 70 тонна олтин ишлаб чиқарилади.