Ўзбекистонда февраль ойидан бошлаб пенсиялар тўлиқ ҳажмда нақд пул шаклида берила бошланади. Бу борада президент Мирзиёев 2 февраль куни “Иш ҳақи, пенсия, нафақа ва стипендияларни тўлаш механизмини такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги қарорни имзолади.
Қарорга берилган расмий шарҳда айтилишича, 2016 йилнинг 27 сентябридан бери президентнинг виртуал қабулхонасига пенсияларни ўз вақтида тўланмаслиги ва пластик билан муаммолар бўйича 7 мингдан ортиқ шикоят келиб тушган. Бунинг ортидан пенсионерларга пенсияларини нақд пулда беришга қарор қилинди.
Молия вазирлиги, Пенсия жамғармаси ва почта хизмати ташкилотларига пенсияларнинг узлуксиз, тегишли ойнинг 27 санасидан кечиктирмай тўланишини таъминлашга доир қатъий топшириқ берилган.