Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев 2017−2018 йилларда Коррупцияга қарши кураш Давлат дастурини тасдиқлади.
Бу ҳақда хабар қилган нашрларга кўра, 2 февраль куни имзоланган қарорбилан мамлакат бош прокурори Ихтиёр Абдуллаев бошчилигида Коррупцияга қарши кураш Республика идоралараро комиссияси ташкил этилади. Мазкур комиссия қарорларини бажариш барча давлат ҳукумат ва бошқарув органлари, жамоат бирлашмалари ва бошқа ташкилотлар учун мажбурий ҳисобланади.
Комиссия таркибидан Адлия вазирлиги, ИИВ, ДСҚ, Давлат статистика қўмитаси, Давлат рақобат қўмитаси, Фанлар академияси, Олий ва Хўжалик судлари, Савдо-саноат палатаси, Инсон ҳуқуқлари бўйича миллий марказ, Қонунчилик палатаси ва Сенат қўмиталари, «Маҳалла» ва «Нуроний» жамғармалари, «Камолот» ҳаракати, омбудсман ва бошқа тузилмалар раҳбарлари ўрин олди.
Давлат дастурида жамиятда ҳуқуқий маданиятни ошириш Миллий дастурини ишлаб чиқиш белгиланган бўлиб, у орқали мамлакатда ҳуқуқий таълим ва маърифатни, жамиятда ҳуқуқий билимлар ташвиқотини тубдан яхшилаш кўзда тутилган.
Ўзбекистон "Transparency International" ташкилотининг коррупция ҳолати бўйича индексида 176 мамлакат орасида 156-ўринни эгаллади ва рўйхатнинг қуйи йигирмалигидан жой олган ягона собиқ Совет давлати бўлди.
Ташкилот хулосасига кўра, Ўзбекистон Марказий Осиё давлатлари орасида энг кўп коррупцияга ботган давлатдир.