Туркияда 2 кун ичида ИДга мансубликда гумонланган 748 одам қўлга олинди

Туркия махсус хизматлари 4-5 февраль кунлари “Исломий давлат” гуруҳига алоқадорликда гумонланган 748 одамни қўлга олди.

Reuters агентлигининг билдиришича, ҳибсга олишлар мамлакатнинг 29 вилоятида ўтказилди ва бу сўнгги ойлардаги энг йирик махсус амалиёт бўлди.

Аввалроқ бу амалиётларда 440 одам қўлга олингани ва улар орасида хориж ватандошлари кўп экани хабар қилинган эди.

1 январга ўтар кечаси Истанбулдаги Reina тунги клубига ҳужум қилинганидан сўнг мамлакатда террорчи гуруҳларга мансубликда айбланиб кўплаб одамлар қўлга олинган эди. Жумладан, тунги клубга ҳужум қилганликда ва бу ерда 39 одамни ўлдирганликда айбланиб, Ўзбекистон ватандоши экани айтилаётган Абдулқодир Машрапов ушланган.

Хабарларга қараганда, сўнгги қўлга олишларни ҳисобламаганда Туркия қамоқхоналарида “Исломий давлат”га мансубликда гумонланган 780 гумонланувчи сақланмоқда. Уларнинг 350 нафари хориж ватандошидир.