Ўзбекистонда 4 миллион 200 минг оилага лимон етиштириш ва товуқ боқиш учун кредитлар берилиши режалаштирилмоқда.
Вазирлар Маҳкамаси бу борадаги «Шахсий ёрдамчи ва деҳқон хўжаликлари фаолиятини янада ривожлантириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарор лойиҳасини сешанба куни муҳокама учун эълон қилди.
Лойиҳада айтилишича, келгуси 3 йил давомида хусусий деҳқон хўжаликларига 10 мингдан ортиқ цитрус мева кўчатлари ва 85 минг жўжа етказиб бериш режалаштирилган.
Хусусий деҳқон хўжаликларида лимон етиштириш ва товуқ боқиш билан 4 миллион 2 00 минг оила шуғулланиши таҳмин қилинаётир. Қарорда таъкидланишича, улар томонидан етиштирган маҳсулотларни сотиш учун туманларда агрофирмалар ташкил этилади.
Марказий банк томонидан иссиқхоналар қуриш учун 5 йил, паррандачилик учун 3 йил муддатга кредитлар бериш тавсия этилмоқда.
Норматив-ҳуқуқий актларни муҳокама қилиш порталида жойлаштирилган лойиҳа 17 февралгача муҳокама қилинади. Қарор лойиҳаси ўзгартирилиши, қўшимчалар қўшилиши ёки бутунлай бекор қилиниши мумкин.